Жогорку Кенеш раиси Нурланбек Шакиев ўлкада матчество олишга рухсат берган Конституциявий суднинг бошчиси билан судьялари истеъфога чиқиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда у парламентнинг 6 сентябрдаги йиғинда айтди.
«[Матчество] халқимизда, жамиятимизда жуда катта резонанс яратди. Бу қирғиз халқига, қирғиз миллатига катта зарба бўлди. Бизнинг давлатда бундай қарор бўлмаслиги керак эди. Шу сабаб мен ўз фикримни айтадиган бўлсам, бу қарорни қабул қилган Конституциявий суд, унинг раиси зудлик билан ишдан кетиши керак. Сабаби жуда уят иш. Қирғизга бундай хиёнат. Қирғиз халқининг ланатига қолган, келажакка болта урган бундай иш бўлмаслиги керак эди. Иложсиз бу қарорни тўғирлаш учун шундай масалалар кирмоқда. Бу жуда ёт кўриниш. Шунинг учун Конституциявий суднинг раиси бошчилигидаги Конституциявий суднинг таркибини ўз ихтиёри билан тўлиқ кетишини талаб қиламан», — деди Шакиев.
Спикернинг бу сўзи залда қарсаклар билан қўлланди.
Бунгача айрим депутатлар ҳам матчествога қарши фикрларини билдиришган. Масалан, депутат Жусупбек Коргонбай ўғли қирғизистонликлар матчество ола бошласа «қирғиз миллати йўқ бўлади» деб билдирган. Унинг айтишича, Қирғизистонда «қонунларни шундай ўзгартириб, миллатни йўқ қилишга ҳаракат қилган кучлар бор» деб ҳисоблайди.
Депутат Мейкинбек Абдалиев эса матчество қирғизнинг урф-одатларига зарба деб ҳисоблайди.
«Биз қирғизни қадимдан катта-катта мамлакатлар, катта-катта миллатлар йўқ қиламиз деб ҳаракат қилишган, ҳозир ҳам бўлмоқда. Бироқ биз қирғизча урфимиз, одатимиз билан, миллий ўйинларимиз билан, етти отамизни билишимиз билан давлат сифатида, миллат қатори сақланиб, ривожланиб келяпмиз. Биз таътилда бўлган вақтда матчество [бўйича] қарор чиқаришибди, бу тўғри эмас», — деди у парламентнинг 6 сентябрдаги йиғинида.
3 июлда Конституциявий суд рассом ва фаол Алтин Капаловага вояга етмаган болаларига матчество бериш масаласини қаноатлантиришдан бош тортган, аммо қирғизистонликлар 18 ёшга тўлганда матчество олишларини билдирган.
Бу қарор жамоатчиликда қизғин муҳокама қилиниб, айримлар Конституциявий суднинг қарорини танқид қилишган. Матчествонинг киритилишига муфтий Замир Ракиев ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ҳам фикр билдирган. Муфтий «бундай ҳаракатлар миллат томирига болта уриши мумкин» деб билдирган, Ташиев эса Фейсбукдаги саҳифасига «ҳеч қандай матчество бўлмайди, ким қабул қилган бўлса, ўша бекор қилсин!» деб ёзган.
Матчество бўйича қарорга қарши чиқаётганларга Конституциявий суднинг матбуот котиби Жилдиз Жороева жавоб берган. У ўзининг Фейсбук саҳифасида Қирғизистонда қанча ҳукумат тармоғи борлигини сўраб, Конституциявий суднинг қарори сўнгги бўлиб ҳисобланиши ёдга солган. Кейин Конституциявий суднинг ўзидан Жороеванинг пости улар билан келишилмаганини ва бу уларнинг расмий позицияси бўлиб ҳисобланишини билдиришган.
17 июлда президент администрацияси «Конституциявий суд ҳақидаги» конституциявий қонунга ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилган. Шунингдек, Конституциявий судга ўзининг қарорларини қайта кўриб чиқишга ва бекор қилишга рухсат бериш таклиф қилинмоқда.
Қонун лойиҳасида қарор қандай ҳолатда қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлган вазиятлар ёзилган. Масалан, агар бу қарор қабул қилишга асос бўлган Конституциянинг меъёри ўзгарса, қарор чиқариш вақтида Конституциявий судга номаълум бўлган, мурожаат предмети учун янги жиддий ҳолатлар очилса ва қарор «Қирғизистон халқининг маънавий, одоб-ахлоқ қадриятларига, жамиятнинг онгига қарши келса» қайта қаралиши мумкин.
Бироқ «Медиа Полиси Институти»нинг юристлари қонун лойиҳасига изоҳ бериб, президент администрацияси Конституциявий суднинг ишига «бевосита ва очиқ» аралашишга ҳаракат қилаётганини билдиришган. Улар ташаббусчиларни қонун лойиҳасини қайтаришга чақиришган.