Парламент раиси: Мадумаровнинг тақдирига бефарқ эмасмиз

Жогорку Кенешнинг 6 сентябрдаги йиғинда спикер Нурланбек Шакиев ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидан Адахан Мадумаровнинг ишини «қонун доирасида, адолатли тергов қилишни талаб қилинишини» билдирди. Бу ҳақда у Мадумаровнинг партиядоши, депутат Гуля Кожокулованинг мурожаатига жавоб бераётиб билдирди.

«Бүтүн Кыргызстан»нинг депутати Гуля Кожокулова Мадумаров ноқонуний қамалганини таъкидлаб, парламент Мадумаровни «Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» моддаси билан жавобгарликка тортишга рухсат берганини эслатди.

Нурланбек Шакиев эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг етакчилари билан бу бўйича фикр алмашганини таъкидлади.

«Парламент депутати, мухолифат фракциясининг лидерини қамалишига, унинг тақдирига бефарқ эмасмиз. Мен ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи раҳбарлари билан сўзлашдим. Депутат сифатида Мадумаровнинг ҳолати бўйича маълумот олиб, кузатамиз. Сабр қилсак адолатли қарор чиқади деб ишонамиз. Бари қонун доирасида бўлади», — деди Шакиев.

Йиғинда Кожокуловадан бошқа бирорта депутат Мадумаровнинг қўлга олиниши бўйича фикр билдирмади.

Мадумаров 2 март куни вояга етмаган боласи билан сайр қилиб юрганда ИИВ томонидан қўлга олиниб, ўша куни 24 октябргача қамоққа олинган. Унга 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколни имзолагани учун «Давлатга хиёнат» моддаси билан айбланди. Мадумаров буни «эртак» деб атамоқда.

Мадумаров ва уни жавобгарликка тортиш ҳаракати

Бунгача бош прокурор Курманкул Зулушев Мадумаровни жавобгариликка тортишга розилик беришни сўраб, бир неча марта парламентга мурожаат қилган. Биринчисида депутатлар қарши бўлган.

Иккинчи марта халқ вакиллари махсус комиссия тузиб, Мадумаровни прокуратура таклиф қилган тўрт моддадан бири — «Ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» бўйича жавобгарликка тортишга рухсат берган.

Шунингдек, Мадумаровнинг депутатлик мандати сақланиб, у халқ вакили вазифасини бажариши айтилган. Халқ вакили уни жавобгарликка тортиш ҳаракатини «сиёсий иш» деб атаган.

Адахан Мадумаров — Жогорку Кенешдаги мухолифатчи «Бүтүн Кыргызстан» фракциясининг лидери. Халқ вакили амалдаги ҳукуматни инсон ҳуқуқларини бузиб, Конституцияга амал қилмаяпти деб бир неча марта танқид қилган.

МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев Мадумаровни бир неча марта трибунадан қўрқитса, президент Садир Жапаров Мадумаров «ўзидан бошқани президент билмаган касаллиги билан оғрийди» деб билдирган.