Ўшдаги Толойкон от майдонида бўлиб ўтган кўпкари ўйинидаги муштлашувда 9 кишига жиноий иш қўзғалиб, икки ойга қамоққа олинди. Бу ҳақда 5 сентябрда вилоят милициясидан «Клооп»га билдиришди.
Маълумотга кўра, можаро юзасидан жами 65 киши сўроқ қилинган. Улардан 9 нафарига нисбатан «Безорилик» моддаси асосида жиноят иши қўзғалган.
Шу билан бирга, 56 нафар фуқарога нисбатан «Кичик безорилик» моддаси асосида маъмурий баённома тузилиб, қўйиб юборилгани айтилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Кўпкари ўйинидан чиққан жанжал
31 августда мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Ўш вилоятида кўпкари ўйини бўлиб ўтди ва финалда Таласнинг «Ынтымак» жамоаси Ўшнинг «Достук» жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Ўйин тугаши арафасида натижадан норози бўлган томошабинлар ҳакамни калтаклаган, унда умумий олти киши жароҳатланган ва бир милиция ходими шифохонага етказилган.
Воқеа бўйича МХДҚнинг раиси Қамчибек Ташиев кечқурун мурожаат қилиб, можарога алоқадор ҳар бир фуқаро қонун доирасида жазоланишини айтган. Ташиев аҳилликка, ғазабланмасликка чақирган.
ИИВ эса ижтимоий тармоқларда ҳодиса юзасидан ҳудудлараро адоватни қўзғатувчи провокацион хабарларни тарқатган шахслар қонун доирасида жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.
1 сентябрда Ўш милицияси можарога алоқадор 25 кишини ҳибсга олган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.