Россиялик фаол Алёна Крилова 4 октябргача қамоқда қолди

136

Бишкекнинг Биринчи Май туман суди россиялик фаол Алёна Крилованинг ҳибсдаги муддатини узайтирди. Бу ҳақда «Клооп»га суднинг матбуот хизмати хабар берди.

Суд қарорига кўра, Крилова 4 октябрга қадар Бишкекдаги ТИЗО-1 қамоқхонасида қолади. Суд бунга қадар ҳам унинг қамоқ муддатини июлдан сентябргача узайтирган эди.

Крилованинг қамоққа олиниши

Россиялик сиёсий фаол Алёна Крилова 4 июнда ҳибсга олинган. Бироқ унинг қамалгани 11 июнда, Россиянинг Sota нашри буни эълон қилганида маълум бўлган.

Нашр Крилова Бишкек марказида сайр қилаётганида ҳибсга олинганини ёзган. Фаол Россияга депортация қилиниши эҳтимоли бор, у ерда унга нисбатан «экстремистик жамоа тузиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғалган.

Sota нашри хабарига кўра, Крилова Россиядаги «Инсон ҳуқуқлари учун» ҳаракатининг собиқ матбуот котиби ва Россия ҳукумати экстремистик деб топган «Солчул каршылык» ҳаракати аъзоси.

Криловадан олдин Қирғизистонда бошқа россиялик фаоллар ҳам махсус хизмат томонидан қўлга олинган. Масалан, июн ойида Россияда ҳарбий комиссариятга ўт қўйганликда айбланган урушга қарши фаол Алексей Рожков Қирғизистондан депортация қилингани маълум бўлган.

Шу ойда Бишкекда Россиядаги «Левый блок» ижтимоий ҳаракати фаоли Леви Скорякин қўлга олинган. Россияда унга нисбатан ФСБнинг Москва жануби-ғарбий округи бўйича бўлими олдида намойиш ўтказгани учун жиноий иш қўзғалган.