Россиянинг Москва шаҳрида меҳнат миграциясида юрган қирғизистонлик аёллар учун «Умай эне» ҳайрия маркази очилди. Бу ҳақда 5 сентябрда Меҳнат, ижтимоий муҳофаза ва миграция вазирлиги билдирди.
Маълумотга кўра, вазирликнинг Россиядаги вакиллиги уюштирган марказга ҳаётнинг оғир синовларига учраган аёллар, имконияти чекланганлар мурожаат қилишлари мумкин.
Ҳайрия марказининг очилишига меҳнат вазири Кудайберген Базарбаев онлайн қатнашди. У марказ муҳожирлар учун хавфсиз шароитлар яратиш бўйича президент имзолаган топшириқ асосида очилганини айтди.
«Қирғизистонликларни самарали ҳимоя қилиш учун вазирликнинг Москва шаҳрида вакиллиги очилган. Йил бошидан бери беш мингдан ортиқ ватандошимиз миграция, меҳнат муносабатлари бўйича маслаҳат олишади. Муҳожирларнинг болаларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида иш олиб борилмоқда. 2023 йилнинг етти ойида ота-она қарамоғисиз қолган ва қийинчиликка учраган 41 нафар вояга етмаган бола ижтимоий ҳимояга олинди», — деди вазир.
Шу йилнинг июль ойида Москвада қирғизистонлик аёлларни қўллаш мақсадида Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги кризис марказини очган.
Россия мухожирлар учун шартларни борган сари қийинлаштирмоқда. 20-июлда марказий осиёлик мухожирларга нисбатан олиб борилган «Нелегал-2023» операциясидан кейин Россиядан етти мингга яқин киши чиқарилган. Бир ҳафта ўтказилган рейд натижасида Москвадан 130 қирғизистонлик депортацияланган.
Сўнгги расмий маълумотга кўра, Россияда миллионга яқин қирғизистонлик ишлайди. Қирғизистон фуқароларининг 1,1 миллиондан ортиғи меҳнат миграциясида.
Муаллиф: Айдана Айбек қизи