«Давлатга хиёнат». Депутат Адахан Мадумаров ИИВ тарафидан қўлга олинди

139

Бишкекда Жогорку Кенеш депутати, «Бутун Қирғизистон» фракциясининг лидери Адахан Мадумаров қўлга олинди. Бу ҳақда Kaktus.Media нашри ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига таяниб ёзди.

Маълумотда сиёсатчи бугун 2-августда ўғли билан сайр қилиб юрганда ИИВ томонидан қўлга олингани айтилган.

Мадумаровнинг адвокати Гуляна Убалиева унга «давлатга хоинлик айби қўйилаётганини билдирди. унинг айтишича, терговчи ишнинг махфий эканини рўкач қилиб, материаллар билан танишишга имкон бермаган.

Ҳозирда Биринчи май туман судида Мадумаровнинг эҳтиёт чораси кўрилмоқда. Судга халқ вакилининг тарафдорларини ҳам, журналистларни ҳам киритишмаётгани маълум қилинди.

ИИВдан ҳам, Биринчи май туман судидан ҳам депутатнинг қўлга олиниши бўйича маълумот беришмаган.

Мадумаровни жавобгарликка тортиш

Парламентнинг 31 майдаги йиғинида спикер Нурланбек Шакиев депутат Адахан Мадумаровни жавобгарликка тортиш бўйича бош прокурордан таклиф тушганини билдирган.

Депутатлардан тузилган вақтинчалик комиссия 22 июнда Мадумаровни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берган. Халқ вакили эса ўзига қўйилган айбларни перспектив эмас» деб атаган.

Депутатлар комиссияси халқ вакилига қарши прокуратура таклиф қилган тўрт модданинг бири бўйича — «Ўз ваколатларидан ортиқча фойдаланиш» моддаси асосида жавобгарликка тортишга рухсат бериб, қолган моддалар бўйича жавобгарликка тортишга қарши чиқди.

Шунингдек, Мадумаровнинг депутатлик мандати сақланиб, у халқ вакили вазифасини бажараверади.

Адахан Мадумаров — Жогорку Кенешдаги мухолифатчи «Бутун Киргизстан» фракциясининг лидери. Халқ вакили амалдаги ҳукуматни инсон ҳуқуқларини бузиб, Конституцияга амал қилмаяпти деб бир неча марта танқид қилган.

МХДҚ бошчиси Камчибек Ташиев Мадумаровни бир неча марта трибунадан қўрқитса, президент Садир Жапаров Мадумаров «ўзидан бошқани президент билмаган касаллиги билан оғрийди» деб билдирган.