Суриядаги лагердан қирғизистонлик 31 аёл ва 64 бола олиб келинди

102

Гуманитар миссия доирасида Суриянинг шимоли-шарқидаги лагердан қирғизистонлик 31 нафар аёл ва 64 нафар бола олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи Ишлар вазирлиги 30 августда билдирди.

Ҳаёти ва соғлиғи хавф остида қолган болалар ҳамда аёллар Қирғизистонга «Айкол» гуманитар миссия доирасида олиб келинди. Унга қирғиз ҳукумати, АҚШ ҳукумати, БМТнинг Болалар фонди (ЮНИСЕФ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ёрдам кўрсатди.

Суриядан олиб келинганлар. Сурат: ТИВ
Суриядан олиб келинганлар. Сурат: ТИВ

Шунингдек, миссия доирасида Қирғизистон делегацияси Суриянинг шимоли-шарқидаги халқнинг эҳтиёжлари учун зарур дори-дармонлар билан гуманитар ёрдам кўрсатди.

Бунга қадар, 16 фералда, Суриядаги хавфли ҳудудлардан Қирғизистонга махсус самолёт билан 18 нафар аёл ҳамда 41 нафар бола олиб келинган.

Болалар реабилитация марказига жойлаштирилди ва уларнинг бепул, хавфсиз муҳитда яшашга кўникиши учун тегишли хизматлар кўрсатилиши айтилган.

Қирғизистонликларни Суриядаги уруш ҳудудига йўлдан уриш орқали ёллаб олишнинг чўққиси 2014-2015 йилларга тўғри келади. Ўша вақтда ёлланганларнинг тахминан 70%и республиканинг жанубидан кетган. Сурияга кўчиб кетиш ташаббусини эркаклар кўтарган, улар «муқаддас жангга» деб ўзлари билан бирга аёлини ва фарзандларини ҳам олиб кетишган.

Муаллиф: Фатима Нургази қизи