Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев Deutsche Welle’га (DW) берган интервьюсида нима учун қирғиз ҳукумати россияликларга фуқаролик берилаётганини тушунтирди.
Унинг айтишича, фуқаролик олганларнинг кўпи «қачонлардир Россияда яшаб», ҳозирда сафарбарлик туфайли яна қайтаётган асли қирғизистонликлар.
«Жуда кўпчилик Қирғизистонга қайтиб келяпти. Улар бир муддат Россияда яшаган русийзабон фуқароларимиздир. Бироқ у ерда ҳарбий сафарбарлик жараёни бораётгани учун кўпчилик Қирғизистонга қайтиб келяпти. Кўпчилик фуқароликка ҳужжат топширяпти ва биз уларга рад жавоби беролмаймиз. Сизнинг сиёсийлар деганингизга келсак, бунақалар бир-иккита, холос», — деб таъкидлади у.
Асли қирғизистонлик бўлмаганларга фуқаролик улар «республикада бизнес очаётгани учун» берилаётганини қўшимча қилди Кулубаев.
«Биз эркин давлатмиз. “Сен рус экансан, сенга фуқаролик беролмаймиз” деб айтолмаймиз. Агар у Қирғизистон фуқароси бўлишни истаса, нимага бўлмасин? Бизда аҳоли сони атиги 7 млн. Биз ҳозир йирик лойиҳаларни бошлаяпмиз. Бизда меҳнат ресурслари етишмайди», — деб билдирди вазир.
Россияликлар Россия Украинага ҳужум қилгандан кейин фаол равишда қирғиз паспортларини ола бошлаганини аввалроқ The Insider нашри ёзган. Унда журналистлар шу сабаб қирғизистонликларнинг ўзига шенген визаси оз берила бошлаганини айтишган.
Transparency International ташкилотининг Россиядаги вакиллигининг директори Илья Шумановнинг айтишича, «рус элитаси Қирғизистондан дунёга чиқишнинг қонуний йўли сифатида фойдаланмоқда». Санкцияга учраганлар учун иккинчи паспорт дунё бўйлаб саёҳат қилиш, бизнес юритиш бўйича чекловларни бекор қилишини ва ҳаммасининг ҳаётини осонлаштиради деган у.
Қирғиз фуқаролигини Россиянинг Тверь вилоятининг собиқ губернатори Дмитрий Зеленин, Америкага қарши кўплаган акцияларни уюштириши билан танилган кремлчи «Наши» ҳаракатининг собиқ спикери Мария Дрокова, шунингдек «Сколково» фондининг биринчи вице-президенти Кирилл Каем олгани айтилган.