Коррупцияда гумонланган Қурманқул Зулушевнинг қайниси 30 майдаёқ уй қамоғига чиққани маълум бўлди

145

Божхонадаги коррупцияда гумонланиб қўлга олинган бош прокурор Қурманқул Зулушевнинг қайниси 30 майдаёқ уй қамоғига чиққан. Бу ҳақда 28 августда «Клооп»га Биринчи май туман судидан билдиришди.

Маълумотга кўра, МХДҚ терговчисининг сўрови билан гумонланувчининг эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, уй қамоғига чиқарилган. Эҳтиёт чорасининг муддати 7 июлда кўриб чиқилиб, 14 сентябргача узайтирилган. 

Жорий йилнинг март ойида МХДҚ олти нафар божхона ходимини ҳусусий компаниянинг уч вакилини контрабанда йўли билан товар ташашда гумонлаб қўлга олган. Маълумотда давлатга келтирилган зарарнинг дастлабки миқдори 1 млрд сом деб баҳоланган. 

Қўлга олинганларнинг орасида бош прокурор Қурманқул Зулушекнинг яқинлари бор экани айтилган. Ўша куннинг ўзида МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев Зулушевнинг қайниси қўлга олинганини тасдиқлаган.

«Бу ишга Қурманқул Зулушевнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Агар унинг қайниси қамалса, давлатга зарар етказса, қонун доирасида келтирган зарарнинг ўрнини тўлдиради. Кейин қонуний жазо олади. Агар айби йўқ бўлса, жазодан озод бўлади», — деган у.

Ташиев ўз сўзида амалдорларнинг яқинлари ҳам оддий одамлар каби «аёвсиз жавобга тортилади» деб таъкидлаган. 

Қўлга олинган божхоначиларнинг орасида депутат Надира Нарматованинг ўғли ҳам бор эканини ахборот воситалари шахсий манбаларига таяниб ёзишган. 

11 майда эса Биринчи май туман суди депутат Нарматованинг ўғлини ҳеч қаерга кетмаслик тилхати билан бўшатган. Суд бу қарорни МХДҚ терговчисининг илтимоси асосида қабул қилгани маълум бўлган.