Медиажамоатчилик ҳукуматдан ёзувчи Олжобай Шакирни озод қилишни талаб қилди

130

Ўлкадаги медиа жамоатчилик ҳукуматдан «Оммавий тартибсизликка ундаш» ва «Ҳукуматни куч билан босиб олишда» айбланаётган ёзувчи Олжобай Шакирни озодликка чиқаришни талаб қилди.

Билдирувда ёзувчи «ижтимоий тармоқ орқали тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилишига қарши халқни тинчлик митингига чиқишга ундаб, ҳукуматдан халққа ҳисоб беришни талаб қилгани учун қўлга олингани» айтилади.

«Конституция ва Инсон ҳуқуқларининг ялпи декларацияси қирғизистонликларга сўз эркинлигини ва тинч йиғилиш ўтказиш ҳуқуқини кафолатлайди. Аммо ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари уларнинг қонуний талабини “ҳукумат вакилларининг қонуний талабига бўйсунмаслик, оммавий тартибсизликка ундовчи провакацион билдирув” қатори таҳлил қилади. Қўлга олиш ва қамаш ҳукуматдан очиқлик ва жавобгарликни талаб қилган, хатолар учун танқид қилганларга нисбатан қўлланилади», — деб таъкидлашди бир қатор журналистлар.

Шунингдек, медиа жамоатчилик «Азаттык», «Клооп» ва «Кактус»ни ёпишни талаб қилган митингда «Азаттык»нинг биносини ёқаман деб қўрқитган блогер Илимбек Исраиловга ҳеч қандай чора кўрилмаганини эслатишди.

«Ҳукумат қонунни яшовчилар ноқулай савол бермаслиги, тинч йиғинларни ўтказмаслиги ва ҳукуматдан халқ олдидаги мажбуриятларини бажаришни талаб қилмаслиги учун журналистларни, ҳуқуқ ҳимоячиларини, фуқаровий фаолларни жазоловчи қуролга айлантирди», — деб билдиришди улар.

Ёзувчининг қўлга олиниши

Олжобай Шакирни МХДҚ ходимлари сўроққа олиб кетгани ҳақида 23-август куни маълум бўлган. Унинг аёли аёли Назгул Бодбаева эри етти соат давомида бедарак эканини айтган.

24-августда Биринчи май туман суди ёзувчини ТИЗО-1га 2 ойга қамоққа олган.

Ёзувчи Олжобай Шакир. Сурат: Бакит Автандил

Бунгача Шакир фейбук саҳифасига пост ёзиб, Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилишига қарши 31-августда норозилик акциясига чақирган. Ёзувчи бунгача ҳам ҳукуматни тез-тез танқид қилиб турган.

Иссиқкўлдаги «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Олтин қум»), «Рохат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлатнинг бошқарувига ўтиши 17-августда маълум бўлган.