Бишкек: Гиёҳванд моддалар билан боғлиқ иш бўйича яна уч милиция ходими қўлга олинди

139

Бишкекда гиёҳванд моддага боғлиқ иш бўйича яна уч милиция ходими қўлга олинганини Ички ишлар вазирлиги 22 августда билдирди.

Маълумотга кўра, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органига Россия фуқароси ариза билан мурожаат қилган. Ариза эгаси воқеа 20 апрелда Бишкекдаги кафеларнинг бирида бўлганини, милиция ходимлари ва нотаниш қиз унга «гашиш» солиб қўйиб, қўрқитиш йўли билан жиноий жавобгарликка тортмаслик учун 315 минг сом олганини айтган.

Бу бўйича «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалган. Кўп ўтмай Чуй вилоят милициясининг уч ходими ушланган. Улар Бишкек шаҳар милициясининг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Бундан беш кун олдин, 17 августда МХДҚ томонидан гиёҳванд моддани ноқонуний айлантириш ҳолатларини яшириш ва пора талаб қилишда гумонланиб, ИИВнинг яна беш ходими қўлга олинган эди.

Хабарга кўра, улар синтетик гиёҳванд моддаларни сотиб олган одамларни аниқлаб, қўлга олган ҳолатда камерага олишган. Видеолар қўлга олинганлардан пул талаб қилиш учун қўлланилгани айтилган.

Ходимлар қўлга олингандан кейин 18 раҳбар жазоланиб, олтиси ишдан бўшатилган.