Кампиробод иши бўйича айбланиб, қамоқда ётган сиёсатчи Азимбек Бекназаров Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилиши бўйича фикр билдирди. Унинг мурожаати 22 августда фейсбук саҳифасига жойланди.
Бекназаров Ўзбекистон 2016 йилгача фойдаланган объектлар, уларнинг орасида бу тўрт пансионат 1992 йилги 12 республика имзолаган шартномада Қирғизистоннинг мулки сифатида кўрсатилганини таъкидлади.
«Президентнинг ўзига ишонсак, унда Ўзбекистон 2016 йили Қирғизистонга қайтарган объектларни, жумладан Орто-Токой сув омборини ва бошқа жойларни тўрт пансионатдай қайтариб олган бўлар эканда?!», — деб таъкидлади у.
Шунингдек, сиёсатчи ҳукуматнинг «ўзбек инвесторлари ҳар бир пансионатга 15-20 млн доллар маблағ сарфлайди» деган сўзини «оқланиш» деб атади.
«Сизлар Камчибек Ташиев иккингиз Акаев, Бакиевдан ўтиб кеттинглар. Энди бугунги куннинг эмас, эртага ишдан кетгандан кейинги ҳаёт нима бўлишини ўйланглар. Қирғизистон халқини уч йилдан бери алдаб келасизлар [...] “Сот-сот ортидан “кет-кет” келишини эслатиб қўймоқчиман!» — деди у.
17 августда Иссиқкўлдаги «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Алтын кум»), «Рохат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлат бошқарувига берилгани маълум бўлган.
Президент совет даврида Ўзбек ССРига тегишли бўлган дам олиш жойлари 2016 йили Қирғизистонга ўтказиш бўйича ўша вақтдаги вазир Темир Сариевнинг қарорини «популистик» деб атаган. Жапаров натижада Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга ютқазиб, 40 млн доллар тўлаши кераклигини билдирган.
Кампиробод иши
Бекназаров 2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омборининг ерини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан 30га яқин фаол, сиёсатчи билан бирга қўлга олинган. Уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деб айб қўйилган.
Уларнинг кўпчилиги асоссиз қамалишганини айтиб очлик эълон қилиб, ноябрда бошланган акция декабрнинг охиригача давом этган. Айримлари суд мажлисларида ҳушидан кетса, бошқалари аҳволи оғирлашганда касалхонага ётқизилган.
Қўлга олинганларнинг бари Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар шу очиқ айтган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган дейишади.
Фаол, сиёсатчиларнинг қўлга олинишини бир қанча депутатлар айблаб, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Қирғизистон ҳукуматидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишга чақирган.