ОАВ: Бостерида вафот этган 23 ёшли йигитнинг ўлимига алоқадор уч милиционер қўлга олинди

161

Бостерида вафот этган 23 ёшли Бекбол Аманкуловнинг ўлими бўйича қўзғалган иш юзасидан уч милиция ходими қўлга олинганини Kaktus.Media нашри ўз манбаларига таяниб ёзди.

Маълумотга кўра, милиция ходимлари ўтган ҳафтада қўлга олинган. Улар кўл четида бўлган «муштлашувни ва Таласнинг турғунига қилинган жиноятни яширишга ҳаракат қилган» деб гумонланмоқда.

Нашр қўлга олинганларнинг бири махсус йўналишдаги полкнинг командири ва икки оддий хизматкор эканини қўшимча қилди. Суднинг қарори билан гумондорлар Қоракўл шаҳридаги тергов қамоғига киритилди.

Ички ишлар вазирлигидан «Клооп»га милиция ходимларининг қўлга олиниши бўйича маълумот аниқланаётганини айтишди.

Бекбол Аманкуловнинг ўлими

14 августда ИИВ 23 ёшли Бекбол Аманкуловнинг ўлимида гумонланган тўрт киши қўлга олинганини билдирган. Марҳумнинг дўстлари ва қариндошлари Аманкулов калтакланиш натижасида вафот этганини айтишган.

ИИВ воқеага алоқадор 100дан ортиқ фуқаро сўроқ қилиниб, улардан 44 гувоҳ воқеа бўйича кўрсатма берган. Улар воқеа бўлган жойга яқин жойлашган бар, кафе, ресторан ва дўконларнинг ишчилари.

Қотилликда гумон қилинган фуқаролар 28 ва 32 ёшли фуқаролар. Улар икки ойга қамоққа олинди.

Милициянинг маълумоти бўйича, марҳум кўл четидаги барда дам олаётганда номаълум одамлар билан айтишиб кетган. Кейин ўша барнинг олдидан ҳушсиз ҳолда топилган — биринчи ёрдам кўрсатиш ҳеч қандай натижа бермаган.

Вафот этган йигитнинг қариндошлари ва дўстлари текширувдан норози бўлиб, президентга мурожаат қилишган.

7 августда бу ишни президент Садир Жапаров ўз назоратига олгани маълум бўлган. Бунгача президент милицияга ва ўзининг вилоятидаги мухтор вакилига Иссиқкўлда дам олувчиларнинг ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашни топширган эди.