«Кампиробод иши» бўйича қамоқда ётган сиёсатчиларнинг бири Равшан Жээнбеков ҳукуматдан Иссиқкўлдаги 4 пансионатни Ўзбекистонга ўтиши бўйича барча ҳужжатларни очиқ кўрсатишни талаб қилди. Бу ҳақда 21 августда қамоқда ёзган хатида айтган.
«Тўрт пансионатни бериш — Кампирободни беришга тенг», — деди Жээнбеков, ҳукуматдан Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни яна Ўзбекистон бошқарсин деган Вашингтон судининг қарорини очиқлашни талаб қилиб.
Шунингдек, ернинг, давлат ва ҳукуматнинг эгаси — қирғиз халқи эканини таъкидлаб, фуқаролар ҳукумат қабул қилган қарорларни билишга ҳақли эканини қўшимча қилди.
«Кампиробод ҳам Қирғизистоннинг мулки эди. Ҳукумат халқни алдаб, фактларни ўзгартириб, Ўзбекистонга ўтказиб берди. Тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилиши ҳам кўп савол туғдирмоқда», — деди Жээнбеков.
17 августда Иссиқкўлдаги «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Алтын кум»), «Рохат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлат бошқарувига берилгани маълум бўлган.
Президент «Кабар»га интерью бериб, совет даврида Ўзбек ССРга тегишли бўлган дам олиш жойлари 2016 йили Қирғизистонга ўтазиш бўйича ўша вақтдаги вазир Темир Сариевнинг қарорини «популистик» деб атаган. Жапаров натижада Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга ютқазиб, 40 млн доллар тўлаши кераклигини билдирган.
Давлат мулкни бошқариш агентлиги бу тўрт пансионат ҳозирда номерларининг кўпи ёмон ва авария ҳолатида эканлигини айтган. Бугунги кунда ўзбек инвесторлари ҳар бир пансионатга 15-20 млн доллар маблағ сарфлаши кутилмоқда.
Асосий саҳифадаги сурат Kaktus.media сайтидан олинди