Боткен шаҳрининг Чет-Булоқ кварталида 40 минг товуққа мосланган ферманинг қурилиши деярли тугатилди. Бу ҳақда 22 августда вилоят маъмуриятидан маълум қилишди.
Билдирувга кўра, ҳозирда ферманинг қурилиши ва ускуналарини ўрнатиш ишлари деярли тугатилди.
«Ускуналар Туркия давлатидан олиб келинган. Иш жараёни замонавий технология ёрдамида автоматлаштирилган усулда олиб борилади. Яқин кунларда товуқларни олиб келиш кутилмоқда», — дейилади маълумотда.
Маҳаллий ҳукуматдан янги қурилган товуқ фермадан кунига 35 мингга яқин тухум олиниб, умумий 15 иш ўрни яратилишини айтишди. Ишлаб чиқарилган маҳсулот ички бозорларга ва экспортга чиқади.
2022 йили 14 сентябрда бошланган қуролли можарода Боткен вилоятининг Ак-Сай қишлоғидаги товуқ ферма ёниб, эгаси Матиса Надиров вафот этган. Бундан ташқари, Надировнинг уйи ҳам ёниб кетган.
Товуқ ферманинг қурилиши учун Надировнинг ўғли, тадбиркор Адилет Абдивалиевга давлат томонидан 30 млн сом имтиёзли насия берилган.
Матиса Надиров Ак-Сай қишлоғини ривожлантиришни ният қилган хусусий тадбиркор бўлган. Бунгача «Салам Баткен» маҳаллий нашрига берган интервьюсида, Надиров чегарада «қандай жанжал бўлмасин қишлоқни ташлаб кетмайман» деган. Тадбиркорнинг жасади 17 сентябрда топилган, унинг қорин қисмига ва бўйнига ўқ теккани маълум бўлган.
Чегарадаги қуролли можаро
Ўтган йилнинг 14-17 сентябрида қирғиз-тожик чегарасида тўлиқ масштабли қуролли можаро бўлган. Отишув давлат чегарасининг барча периметрида бўлган. Икки томон ҳам ҳарбий агрессияда бир-бирини айблаган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, оташув оқибатида 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган. Қуролли можарода Қирғизистонга келтирилган моддий зарарнинг умумий миқдори 3 млрд 130 млн сом деб баҳоланган.
Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 83 нафарни ташкил қилганини ёзган.