Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат агентлигига берган интервьюсида Иссиқкўлдаги 4 пансионатни Ўзбекистонга ўтиши бўйича изоҳ берди. Бунгача «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Алтын кум»), «Рохат» ва «Бустон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлатнинг бошқарувига берилиши маълум бўлган.
Бу пансионатлар совет даврида Ўзбек ССРнинг маблағига қурилган ва 1992 йилдаги шартнома бўйича уларга тегишли. Аммо 2016 йили ўша вақтдаги бош вазир Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат Ўзбекистоннинг давлат компанияларига қарашли бўлган ўша пансионатларни Қирғизистонга ўтказган. Бироқ Ўзбекистон халқаро арбитражга даъво аризасини берган.
Президент ўз интервьюсида Темир Сариевни пансионатларни Қирғизистонга ўтказиш бўйича қарори «популистик» бўлганини айтди. Жапаров натижада Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга бой бериб, 40 млн доллар тўловлар бўлганини билдирди.
«Биз икки томон келишиб, "Бунча пулни тўлай олмаймиз. Ундан кўра сизлар 49 йилга олинглар, 4-5 юлдузли меҳмонхоналар қуринглар" деб келишдик. Бу пансионатларнинг аҳволини кўрсанглар молхона. Биз ўзимиз 15-20 йилда ҳам бу пансионатларга бир тийин ҳам сарфлолмаймиз. Бошқа йиртиқ-тешикларимизни бутлай олмаганда, бу пансионатларга пул қаерда», — деди у.
Президентнинг айтишича, бу пансионатларни ҳозирги ҳолатида ҳеч ким 4 млн долларга ҳам сотиб олмайди. Шунингдек, Жапаров пансионатлар ўзбек томонга «сарфлаган пулини оқлашга» кафолат бўлиши учун узоқ муддатга берилишини тушунтирди.
Президент «Кампиробод кетди, энди пансионатлар кетяпти» деган гапларга ҳам жавоб берди.
«"Кампиробод" кетди" деганлар ёки саводсизлар, ақлсизлар ёки ичи қора одамлар. Кампиробод кетмади. Келди. Энди 50/50 бошқарамиз деб 50 фоизини олдик. Олдин 50 фоиз эмас, 50 метр ҳам яқинлашолмасдинглар-ку? Ё ёлғонми? Биз ҳар бир қилган ишимиз, қабул қилинган қароримиз учун 50 йилдан кейин ҳам юзимиз қизармай жавоб беришга тайёрмиз. Ҳар бир қилган ишимиз давлат учун, халқ учун бўлади. Шу сабаб қайси сайтлар, кимлардир бир ишда резонанс яратмоқчи бўлса, бундайларга эътибор берманглар», — деди Жапаров.
Унинг фикрича, олдин бундай «сайтлар» «Мегаком» ва «Манас» аэропорти каби давлат компанияларининг пулларига молияланган.
«Аниқ жавоб берайин. Олдин ўшаларнинг бари "Кумтор", "Мегаком", аэропортидан пул олиб туришган. Мен ҳукуматга келишим билан тўхтатиб қўйдим. Нима учун хусусий сайтларни давлат ишхоналари боқиши керак? Кўпи 20 миллион сом, ками 2-3 миллион сомдан олишар экан. Халқнинг, давлатнинг пули халқ учун ишлаши керак деб кесиб қўйдим. Ўша кундан бошлаб уларнинг ҳаммаси мени ёмон кўради. Шунинг учун яхши ишларни кўришса ҳам кўргилари келмайди. Мен уларга эътибор бермайман», — деб сўзини якунлади президент.
Давлат мулкини бошқариш агентлиги, тўрт пансионат ҳозирда кўпи ёмон ва авария ҳолатида экани сабаб ҳаражатли эканини билдирмоқда. Объектларнинг инфраструктураси эскиргани, уларни янгилаш ва модернизациялаш учун катта инвестиция талаб қилиниши айтилган.
Шу сабаб пансионатлар ўзбек инвесторларининг фойдаланишига, ери эса — ижара шартида ўтказилади. Ўрнига ўзбек томон пансионатларни халқаро талабларга мослаб 3-4 юлдузли меҳмонхона даражасига етказиб, реконструкция қилади. Қўйилган шарт бўйича, ишчиларнинг 80%дан кам бўлмаган қисми Қирғизистон фуқаролари бўлиши керак.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳукуматлараро икки томонлама ҳамкорлик бўйича биргаликдаги комиссиясининг 10-йиғинида эришилган келишувларга кўра:
- «Алтын кум» пансионати «Тошкент механика заводи» акционерлик жамиятига ўтказилади;
- «Дилором» пансионат — «Асакабанк» акционерлик жамиятига ўтказилади;
- «Роҳат» пансионати — «Ўзбекистон республикасининг ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акционерлик жамиятига ўтказилади;
- Битмаган «Бўстон» объекти — «Узпромстройбанк» акционерлик жамиятига ўтказилади.
Ўзбек инвесторлари ҳар бир пансионатга 15-20 млн доллар маблағ сарфлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат бир неча замонавий пансионатнинг пайдо бўлиши ҳудуд иқтисодига мультипликатив натижа беради деб ишонади.
Шунингдек, солиқ тўловларининг миқдори йилига 130 млн сомдан ошиши, ҳар бир объектда 200 атрофида иш ўрни яратилиши, маҳаллий тадбиркорларга пансионат ҳудудида бизнес очишга имкон берилиши кутилмоқда.