Иссиқкўлда 93 ёшдаги оқсоқол пенсиясига қишлоқ болалари учун майдонча қуриб берди

159

Иссиқкўл вилоятининг Тон туманига қарашли Шор-Булак қишлоғининг 93 ёшли турғуни Усой Алагозов пенсиясидан тўплаган пулга болалар усун майдонча қуриб берди. Қария билан Kaktus.media’нинг журналистлари суҳбатлашди.

Алагозов журналистларнинг болалар майдончасини қуришга қанча маблағ сарфлагани ҳақидаги саволига жавоб бермади. Унинг айтишича, асосий мақсади — болаларни телефон ўйнашидан ва телевизорни кўп кўришдан узоқ қилиш.

«[Олдин] бу ер дўнг бўлган. Дўнгни трактор билан текислаб, ҳокимиятдан рухсат олгандан кейин болалар майдончаси қилиб, ўйнайдиган мосламаларни ўрнатдим. Энди имкони бўлса ўйинчоқларни ҳам кўпайтирсам деган фикр бор, бироқ бунга кучим етадими йўқми билмайман», — деди Усой Алагозов.

Бундан ташқари, оқсоқол бунгача қишлоқдаги ўзининг номи берилган кўчага ёритиш тизимларини ўрнатган.

Бу республика ҳудудларидаги турғунлар ўз ташаббуси билан ижтимоий муаммоларни ҳал қилган биринчи ҳолат эмас. Бунгача ҳам Новқат туманига қарашли Ак-Булак қишлоғининг турғунлари ўз ташаббуслари билан 10,4 млн сом пул йиғиб, икки кўчага асфальт бостиришган.

Боткен вилоятига қарашли Қадамжой туманининг Қизил-Булак қишлоғининг яшовчиси, пенсионер Нурхан Кочкорова ҳаж сафарига деб тўплаган пулига икки қишлоқни бирлаштирган кўприкни қуриб берган.