Қирғизистон Иссиқкўл қирғоғида жойлашган тўртта пансионатни Ўзбекистонга бошқарувга 49 йилга беради. Бу ҳақда 17 августда «Азаттиқ» нашри Давлат мулкини бошқарув агентлигига таяниб билдирди.
Маълумотга кўра, гап «Дилором», «Золотые пески», «Рохат» ва «Бустон» пансионатлари ҳақида кетмоқда.
Агентликдан Ўзбекистон пансионатларнинг ҳар бирига 15-20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи эканини таъкидлашди.
2020 йилда ҳукумат «Дилором», «Золотые пески» ва «Рохат» давлат пансионатларини хусусий бошқарувга бериш ниятида эканлигини маълум қилган. Давлат мулкини бошқариш жамғармаси мазкур дам олиш масканлари давлат мулки бўлиб, инвесторларга вақтинчалик бошқарувга берилишини маълум қилган.
2016 йили Ўзбекистон совет даврида фойдаланиб келган тўртда пансионатни хусусийлаштириш бўйича қарор чиқиб, дам олиш масканларининг номлари қирғизчага ўзгартирилган. Унга кўра, «Рохат» — «Алтын жай», «Дилором» — «Эне-Сай», «Золотые пески» — «Бостери» бўлиб ўзгарган. “Бустон” пансионатининг номи эса ўзгартирилмаган.
Қирғизистон ҳукумати қирғиз-ўзбек чегарасидаги бир неча можаролардан сўнг тўртта пансионатни хусусийлаштириб олган.
Бу пансионатлар совет даврида Ўзбекистон ССР маблағлари ҳисобидан қурилган ва 1992 йилдаги келишув бўйича Ўзбекистонга тегишли бўлган.