Муфтият: Бишкекда диний ўқув юртлари билан масжидлар текширилмоқда

136

Бишкек шаҳар қозияти 11 августдан бошлаб шаҳардаги барча диний муассасаларни текшира бошлади. Бу ҳақда муфтиятнинг матбуот хизматидан билдиришди.

Маълумотда текширув ҳукуматнинг диний муассасаларнинг фолиятини назорат қилиш бўйича чиқарган қарори асосида олиб борилаётгани айтилди.

«Текширув давомида диний ўқув жойлари, масжидларнинг биноси ва ер майдонининг ҳужжатлари, санитар ҳамда ёнғин хавфсизлигининг хулосалари, тозалик ва ўқув дастурлари кўриб чиқилиб, тегишли топшириқлар берилмоқда», — деб билдиришди муфтиятдан.

Текширув натижасида талабга давоб бермаган диний муассасаларнинг бефарқ бўлган етакчи, имом-хатибларига тегишли чоралар кўрилаётгани айтилди.

8 августда МХДҚ Ўш вилоятидаги қурилишдаги қонунбузарликлар, санитар-эпидемиология талабларига жавоб бермаган 39 масжид ва 21 диний ўқув марказларини вақтинча ёпиб, жарима солган.

Бундан ташқари, яна 48 масжидга ва 40 диний ўқув марказларига акт тузилиб, кўрсатмалар берилгани маълум қилинди.

Бунгача 29 июнда Жалолобод вилояти ҳудудида ноқонуний ишлаган 60 масжид аниқланиб, уни текшириш бўйича махсус комиссия тузилган.

Қирғизистонда маҳаллий ўз-ўзини бошқариш идораларининг, архитектура ва Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармасининг розилигисиз ўзбилармонлик билан масжид қуриш қонунни бузиш бўлиб ҳисобланади.