Ўш: Аэропортнинг учиб-қўниш йўлагидаги «эриб кетган» асфальт ўрнига янгиси босилди

133

«Ош» халқаро аэропортинин учиб-қўниш йўлагидаги бузилган асфальтнинг ўрнига янгиси босилди. Бу ҳақда 11 августда «Манас» халқаро аэропортидан билдиришди.

Бунгача «Ош» аэропортининг учиб-қўниш йўлагидаги янги босилган асфальтни «эриб кетгани» ҳақида видео тарқалиб, жамиятда норозиликка сабаб бўлган.

«Манас» аэропортидан 1 июлда куннинг қаттиқ исиши Ўшдаги аэропортнинг учиб-қўниш йўлагининг сурилиш коэффицентига таъсир қилиб, самолётларга хавф солаётганини таъкидлашди. Уларнинг айтишича, масала ўша куни ҳал бўлган.

«Ҳозирда учиш йўлаги барча техник талабларга жавоб бериб, қатновлар учун очиқ. Таъмирлаш ишларини олиб борган ёлланма ишхона барча камчиликларни бартараф қилган. Бузилган асфальт олиниб, ўрнига барча талабга жавоб берган янгиси босилди», — деб таъкидлашди аэропортдан.