Бишкекда 11 августда 70га яқин троллейбус ҳайдовчиси ишга чиқмай, Бишкек троллейбус бошқармаси (БТБ) олдига митингга чиқишди. Улар маошларини оширишни талаб қилишмоқда. Бу ҳақда «АКИpress» нашри билдирди.
Норозиликка йиғилган ҳайдовчилар билан БТБнинг бошчиси Талант Капаров, Транспорт ва йўл-транспорт инфраструктурасини ривожлантириш департаментининг директори Айдарбек Токонов ва вице-мэр вазифасини бажарувчи Максатбек Сазикулов учрашди.
Бунгача Капаров ҳайдовчиларнинг маоши озлиги сабаб ишдан кетиш бўйича оммавий ариза ёзишларига реакция қилиб, троллейбус ҳайдаганларнинг маошини 50 минг сомгача кўтаришни ваъда қилган. Бироқ унинг айтишича, айрим ҳайдовчилар бунга ҳам рози бўлмай, ойликни 60-70 минг сомгача оширишни талаб қилишмоқда.
Митингчилар Капаровнинг ваъдаси бўйича 24.kg нашрига изоҳ беришди.
«Кеча директор ойлигимизни 50 минг сомгача кўтарамиз деган. Бироқ қўлимизга шунчани беришмайди, барча тўловлар ва солиқлар олингандан кейин қўлимизга озгина тегади», — дейди ҳайдовчилар.
Улар раҳбарият бир қанча ходимни ишдан бўшатганини ҳам қўшимча қилди. Бундан ташқари, ҳайдовчилар ётоқхона ва уй масаласини кўтаришди.
Вице-мэр вазифасини бажарувчи Сазикулов мэрияда йиғин ўтиб, шаҳар хизматларнинг ишчилари учун уйларни қуриш зарурати муҳокама қилинганини айтди. У биноларнинг макети тайёрлигини, уларни қуриш учун ер ва молия масаласи кўриб чиқилаётганини қўшимча қилди.
«Келаси йили уч уй қурилади, квартиралар биринчи навбатда транспорт ва турар-жой коммунал хўжалиги хизматларининг ишчиларига берилади», — деди Сазикулов.
Шу билан бирга амалдор иш ташлаш тўхтамаса, ҳайдовчилар ишдан бўшатилиб, ўрнига янги ходимлар олинишини таъкидлади.
ОАВ билан ижтимоий тармоқларда бекатларнинг ёнидан бўш ўтаётган троллейбуслар ҳақида маълумот тарқалган.
10 августда Бишкекда 100га яқин троллейбус ҳайдовчиси ишдан кетишга ариза беришган — улар ҳукуматдан маошларини 60 минг сомгача кўтаришни талаб қилишган. Ҳайдовчиларнинг охирги бир ойлик маоши 20-28 минг сомни ташкил қилган.
Муаллифи Медина Шамшидинова