Жалолободда икки кишини кўплашиб калтаклашда гумон қилинган беш киши қўлга олинди

128

Жалолободда икки одамни кўплашиб калтаклашда гумонланганларнинг бештаси милицияга етказилди. Бу ҳақда 9 августда вилоят ИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, милицияга 8 август соат 22:55да Спутник кичик шаҳарчасидаги «Омас» дўкони олдида 5 бола муштлашаётгани ҳақида маълумот тушган.

Гумондор. Сурат: Жалолобод шаҳар ИИБ
Гумондор. Сурат: Жалолобод шаҳар ИИБ

Тезкор гуруҳ воқеа жойига бориб, текширув олиб борганда Спутник кичик шаҳарчасидаги ТИЗОда қурувчи бўлиб ишлаган Бозорқўрғон туманининг 18 ва 24 ёшдаги икки турғуни дўконга ичимлик олишга чиққанда кичик шаҳарчанинг икки турғуни билан муштлашиб кетгани маълум бўлган.

Милиция «томонларнинг бир-бирига даъволари йўқлигини билдириб, ариза ёзишдан ва суд-тиббий экспертизадан ўтишдан бош тортишганини» билдирди.

8 августда ижтимоий тармоқларда Спутник кичик шаҳарчасида бир гуруҳ болалар икки болани калтаклагани ҳақида видео тарқаган. Унда ўндан ортиқ одам икки гуруҳга бўлиниб, икки кишини тепкилаётганини кўриш мумкин.

Гувоҳлар милиция ходимлари «кеч келиб, ҳеч нарса бўлмагандай қайтиб кетишганига» норози бўлишган.

«Реакция бўлмади деб норози бўлишмоқда. Бу қандай ёввойилик? Қандай жамиятда яшаяпмиз? Бостерида шундай воқеа сабаб ёш йигит вафот этди. Ўшда тунда арматура билан калтаклаб, ўлдириб кетишяпти. Жалолободда бу воқеа бўлди. Энди ўз уйимизда хавотирланиб, қўрқиб яшаймиз шекилли», — дейилади ижтимоий тармоқдаги билдирувда.

Вилоят ИИБдан ҳозирда калтаклашда гумонланганларни аниқлаш бўйича текширув бораётганини таъкидлашди. Шунингдек, воқеа бўйича қўшимча маълумот беришни билдиришди.