Парламентда сомни фақат бир давлат ичида босиб чиқариш таклиф қилинди

110

Жогорку Кенеш депутати Айсаракан Абдибаева «сомни кучайтиришга» йўналтирилган «Миллий валюта ҳақидаги» қонун лойиҳасини таклиф қилди. Қонун лойиҳаси 30 июнда жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган.

Жогорку Кенешнинг матбуот хизмати билдиришича, 7 августда Абдибаева миллий банк раиси Кайип Куленбеков билан учрашган. Куленбеков қонун лойиҳасини қўллагани айтилган.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, миллий пул бирлигининг банкнотларини ва тийинларини чиқариш Қирғизистон ҳудудида амалга оширилади.

Бундан ташқари, давлатнинг ичида савдо қилишни биргина сом билан олиб бориш таклиф қилинмоқда, сабаби «ўлка ичида ички савдо кўпроқ хорижий валютада амалга ошаётгани кузатилмоқда, бу сомга босимнинг ортишига шароит яратади».

«Насия бериш тизимида турар-жойларни бўлиб сотиб олишда ўлкада валюта курси кескин сакраб кетганда ёки валюта курси сунъий равишда кўтарилганда фуқаролар қарзларини тўлашда қийинчиликларга дуч келишади», — дейилади қонун лойиҳасининг маълумотномасида.

Қонун лойиҳасига кўра, савдо фаолияти, кредит фоизларни бериш, товарларни экспорт қилиш, импорт қилиш, валюта даромади ва ҳаражатлари бор хўжалик фаолияти, эркин иқтисодий зоналарнинг субъектлари фаолияти фақат хорижий валютада олиб борилади.

Миллий валютанинг пул бирлигини Қирғизистон яқин орада республиканинг ичида босиб чиқарилишини президент Садир Жапаров ҳам билдирган. Июннинг бошида у бу борада «тегишли ишлар олиб борилаётганини» ва «керакли техника сотиб олинганини» айтган. Ҳозирда сом Франция ва Мальтада босиб чиқарилади.