Қоғоз солиқ декларацияларини чиқинди полигонида ёқишади

160

Солиқ хизмати етакчисининг ўринбосари Бекболот Алиев жисмоний шахсларнинг қоғоз солиқ декларациялари Бишкекдаги чиқинди полигонида ёқилишини билдирди. Бу ҳақда 3 августда матбуот анжуманида айтди.

Декларациялар 2 августда йўқ қилина бошлаган. Алиевнинг сўзларига кўра, дастлаб электрон декларациялар ўчирилади, сўнгра қоғоз туридаги декларациялар йўқ қилинади.

«Электрон декларациялардан ташқари қоғоз туридаги декларациялар ҳам бор. Уларни Бишкек чиқинди полигонида ёқиб йўқ қиламиз», — деди солиқ хизмати бошчисининг ўринбосари.

Солиқ хизматидан Economist.kg нашрига Алиевнинг сўзларини инкор қилишди: ҳужжатлар махсус аппаратда — инсинераторда — куйдирилади.

Муассасадан процедура чиқинди полигонида ёнғин чиқиш хавфини юзага келтирмаслигини таъкидлашди.

«Бу аппарат турли чиқиндиларни, жумладан органик, биологик, маиший ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини утилизациялашга мослашган, шу сабаб утилизациялаш қоидаларини ва экологик нормаларни сақлашга имкон беради», — деб билдиришди солиқ хизматидан.

Бундан ташқари, муассасадан қоғоз декларациялар нима учун қайта ишлашга юборилмайди деган саволга жавоб беришди. Солиқ хизматидан декларацияда кўрсатилган маълумотларнинг конфиденциалигини сақлаш мақсадида бу қоғозларни қайта ишлашга юбориб бўлмаслигини айтишди. Сабаби қайта ишлаш билан шуғулланганлар бу қоғозларни бошқа мақсадларда фойдаланмасдан, қайта ишлатади деган кафолат йўқ.

Пойтахтдаги чиқинди полигони 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ўчмай тутаб туради. Шу йилнинг май ойида муниципалитет полигондаги тутун тўлиқ ўчирилганини билдирган.

Бунгача солиқ хизматининг матбуот хизматидан 2023 йилнинг 7 августигача хусусий тадбиркорлардан ташқари барча жисмоний шахсларнинг декларациялари йўқ қилинишини билдиришган.

Маълумотларга кўра, бу ҳаракат 9 июнда кучга кирган «Жисмоний шахсларнинг активларини ихтиёрий легаллаштириш ва амнистия бериш ҳақидаги» қонуннинг меъёрларига кўра олиб борилади.

Жисмоний шахслар топширган қуйидаги декларациялар йўқ қиланади:

FORM STI-100 (тадбиркорлик билан шуғулланган жисмоний шахсларнинг декларациялари);

FORM STI-103 (соддалаштирилган солиқ тўловчининг даромади йўқ жисмоний шахсларнинг декларациялари);

FORM STI-155 (давлат ва муниципал хизматда ишлаган жисмоний шахсларнинг декларациялари);

FORM STI-079 (жисмоний шахс учун солиқ декларацияси).

Солиқ хизматидан «Жисмоний шахсларнинг активларини ихтиёрий легаллаштириш» қонунининг асосий мақсади — даромадларни қонуний иқтисодий муомалага киритиш. Активларни ихтиёрий декларациялашнинг муддати – қонун кучга киргандан бошлаб 12 ой.

Муаллиф: Медина Шамшидинова