Энергетика вазирлиги Жиргалан кони ишга тушгани бўйича шубҳаларга жавоб берди

170

Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси Иссиқкўл вилоятидаги Жаргалан тошкўмир кони ишга тушганини маълум қилган. Аммо Иссиқкўл вилоятининг собиқ губернатори Эмилбек Каптагаев билан Жаргалан қишлоғининг турғуни Турат Аким ҳукумат тарқатган билдирувни ёлғон деди.

Каптагаев билан Турат Акимнинг айбловига Энергетика вазирлигининг матбуот котиби Айзада Сулайманова жавоб ёзди. Сулайманова уларни ёлғон маълумот тарқатишда айблади.

«Давлатда бир яхши иш бошланса унга бурнини тиқиб, ёмонлик излаб, ичи қоралик қилганлар дарров пайдо бўлади. Каптагаевни ҳам, Турат Акимни ҳам бориб кўриб, танишиб, шундан кейин фикр билдиришга чақирамиз. Ҳаётда бирор иш қилмаган, давлат учун бир ғишт қўймаганлар танқид қилса аччиғинг келар экан», — деб ёзди у фейсбук саҳифасига.

Айзада Сулайманованинг постидан скриншот.

3 августда Вазирлар Маҳкамаси 12 йилдан бери ишламай турган Жиргалан кони ишга тушганини маълум қилган. Тадбирга Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қатнашган. Ишхона Қоракўл шаҳрини ва унга яқин ҳудудларни қиш фаслида кўмир билан таъминлаши айтилган.

Сурат: Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати.

Бу янгиликка изоҳ берган Каптагаев «ёлғон айтилган маълумот халқни ранжитиб, ишончни йўқотади» деган фикрни билдирди.

«Ишга тушди деб айтилаётган кичик шахтани Бакит Доргоев очган "Дөргө-көмүр" ишхонаси, имкониятига яраша ишлаб келаётган, тахминан кичик шахта. У ерда кўп бўлганман. Машҳур "Жиргалан кўмир шахтаси" ишламай қолган, ичига сув тўлиб шу бўйича туради ҳозир ҳам», — деб ёзди Каптагаев.

Жиргалан қишлоғининг турғуни Турат Аким Каптагаевнинг айтганларини тасдиқлаб, аслида бунгача ишлаётган «Дөңгө» карьери ишлай бошлаганини айтган.

«Аслида “Жиргалан-Капитольная” шахтаси уни Садир Жапаров бошқарган вақтда сув остида қолган ва уни қайта тиклаб бўлмайди. [...] Бир томондан ўтган очиқ ташқи карьерни тортиб, олдин шахта қайта ишга тушгандай қилиб кўрсатишибди», — деб ёзди у.

Жиргалан кўмир қони Иссиқкўл вилоятининг Ак-Суу туманида жойлашган. Уни «Шахта Жыргалаң» фирмаси ишлатган. Адлия вазирлигининг маълумотига кўра, унинг директори Наринбек Байсаков. AKIpress нашрининг маълумоти бўйича, директорнинг ўринбосари президентнинг акаси Сабир Жапаров бўлган. У ҳозир бу лавозимда ишлайдими йўқми номаълум.