Ибраев: Кеминдаги майнинг ферма Қирғизистон электр энергиясидан бош тортди

155

Энергетика вазири Таалайбек Ибраев «Азаттиқ»қа берган интервьюсида, Чуй вилоятининг Кемин шаҳридаги майнинг ферма Қирғизистоннинг электр энергиясини олишдан бош тортганини билдирди.

«“Быстровка” ёрдамчи трансформаторида қувват манбаи бор, шу сабаб биз рухсат берганмиз. Беш мегаватдан бошлаганмиз, бугунги кунда 25 мегаватдан фойдаланяпмиз — буни ҳам тўлашади. Майнинг компания кўмакчи трансформатор қуриб, бизники билан боғлаган электр симларини тортган. Улар ноябрдан бери ишлаяпти ва бугунги кунда 480 млн сом тўлашди. Бу ерда ҳеч қандай ўғирлик йўқ. Бироқ бу суриштирувдан кейин компания 1 августдан бошлаб ҳамкорлик қилишдан бош тортди. Биз пулдан қуруқ қоляпмиз», — деди Ибраев.

Вазир мазкур компания 1 августдан бошлаб «Соларкоин» электр қувватини Қозоғистондан олишини, Қирғизистонга транзит учун 23 тийин тўлашини қўшимча қилди. Вазирнинг айтишича, бу фақат 17 млн сом олиб келади.

Бундан ташқари, Ибраев майнинг фермалар ўлканинг бошқа вилоятларида ҳам ишламоқда деган маълумотни рад этди. У ҳозир Энергетика вазирлиги Россиянинг «МБТ Строй» компанияси билан Қамбар-Ата-2 ГЭСдан 30 мегават бериш бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирди.

«Клооп» бунгача мазкур компания ҳақидаги суриштирувида айтган. Суриштирувда Энергетика вазирлиги Бакиевларнинг кланига алоқаси бор «МБТ Строй» компанияси билан шартнома тузгани айтилган. Муассаса 1,5 млрд сомга фермани Камбар-Ата-2 ГЭС тармоғига қўшишга рухсат берган.

Бу пул ёрдамчи трансформаторларни алмаштиришга, қалин симларни қўйишга ва ЛЭПни мустаҳкамлашга сарфланади. Бунинг учун инвестор бўшатилган 30 мегаватни 10 йил муддатга ҳар бир киловатни 60 тийиндан фойдаланишга олади, бу аҳоли учун электр энергиясини чекловсиз ишлатиш тарифидан ҳам арзон. Компания бу электр энергиясини майнингда фойдаланишни режалаштирмоқда.

Кеминдаги майнинг-ферма

Бунгача «Клооп» билан «Азаттиқ» Кеминдаги «Соларкоин» майнинг компанияси ҳақида икки хил суриштирувни эълон қилган. суриштирувларда энергетика инқирози вақтида ўлкадаги майнинг фермалар катта миқдорда электр энертиясидан фойдаланишни давом эттираётгани ҳақида сўз бўлган. Бу миқдор Норин вилоятига бир ҳафтага етади. Шунингдек, суриштирувчилар майнинг фермани давлат энергокомпанияларнинг директорлар кенгаши аъзолари билан боғлиқлигини аниқлашган.

Суриштирув чиққандан кейин президент Садир Жапаров Кеминда майнинг ферма борлигини тасдиқлаган. Давлат раҳбари майнинг ферма электр энергиясини энг қиммат нархда — 1 кВт/соатини 5 сом 4 тийиндан сотиб олаётганини айтган. Жапаровнинг айтишича, «Кемин подстанциясининг қуввати [майнинг фермани таъминлашга] етади».

Бундан ташқари, давлат раҳбари Камбар-Ата-2 ГЭСида майнинг ферма қурилаётгани бўйича ҳам изоҳ берди. Бунгача «Клооп» ўз суриштирувида мазкур компанияни тахтдан қулатилган президент Бакиевнинг оиласига алоқаси борлигини айтган.

Қирғиз ҳукумати ўлкада электр энергияси танқислигига қарамай, майнинг фермалар билан шартнома тузади. Ўлкадаги электр энергиясига бўлган танқислик сабаб 1 августдан бошлаб фавқулодда вазият режими киритиилган. Президент фармонига мувофиқ, бу ҳолат 2026 йилнинг охиригача давом этади.

2023 йилнинг июли бошида ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Бакит Торобаев сув омборида сувнинг оқиб кириши паст эканлиги учун тегишли муассасаларга «электр энергияга бўлган лимитни жиддий назорат қилишни» топширган. Тахминларга кўра, 2023 йилнинг октябрида сув омборидаги сувнинг ҳажми 12,4 млрд метр кубни ташкил қилиши кутилмоқда, бу режадан 2 млрд метр кубга оз.