«Давлатга 2 млн 683 минг сом зарар келтирди». Ўшда йўл таъмирлаш ишхонасининг бош мухандиси қўлга олинди

143

Ўш шаҳрини айланиб ўтувчи «Айланма Ўш» автойўлининг 12-17 чақиримига асфальт босиш ишларида қонунбузарлик аниқланди. Натижада давлатга 2 млн 683 минг 786 сом зарар келтирилган. Бу ҳақда 28 июлда бош прокуратурадан билдиришди.

Маълумотга кўра, прокуратура Транспорт вазирлигининг «Кыргызавтожол» давлат ишхонасининг №21 йўл хизмати ишхонасини, Йўл хўжалиги департаментининг №5 ҳудудий бўлимининг ва «В.С.Л.» компаниясининг ходимлари томонидан 2021 йили ва 2023 йили бажарилган ишларини текширган.

Текширувда қабул қилиш актларига амалда босилмаган асфальтбетонли ва асфальтбетонни босиш ишлари юқори нархда киритилгани аниқланган. Шунингдек, йўл ишлари сифатсиз бажарилгани сабаб айрим йўл қатламлари деформацияланиб кетган.

Ўш вилоят прокуратураси бу воқеа бўйича жиноят кодексининг «Лавозим ваколатидан фойдаланиш», «Ишониб берилган мулкни ўзлаштириш ёки йўқ қилиш», «Сохтакорлик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғаган.

Гумондор қатори №21 йўл хизмати ишхонаснинг бош муҳандиси қўлга олинди. У вақтинча сақлаш жойига киритилиб, ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Бунгача июннинг охирида Ўш шаҳрида қурилган пиёдалар йўлакчасининг сифати ёмонлиги аниқланиб, Йўллар бошқармасининг ходимларига жиноий иш қўзғалган.

Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринсари Бакит Торобаев 2023 йили республикадаги йўлларни қуриш ва таъмирлашга 6 млрд сомдан ортиқ маблағ бўлинганини айтган.

Торобаев ҳукумат йўл тармоғидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун умумий 669 дона махсус техника сотиб олинишини ҳам билдирган.

Муаллиф: Айчурок Кенжекулова