Тезак теринглар. Миллионлаб киловатт энергия амалдорлар билан алоқадор майнерларга сотилмоқда

247
Иллюстрация DALL-E нейро тармоғи орқали яратилди

Мамлакатнинг энергетика тармоғидаги инқирозига қарамай, давлат тақчил бўлаётган электрнинг улкан ҳажмини «Соларкоин» деб номланган йирик майнинг компаниясига сотмоқда. 2023 йилнинг май ойидаёқ «Соларкоин»га деярли 18 минг мегаватт-соат сотилган. Бу «Кумтор»га берилган даража билан баробар. Норин вилоятида эса бир ҳафтага етади. «Клооп»  қирғизистонликларга зарар келтириб, ўзи майнингдан бойиётган ким эканини аниқлади.

Қирғизистонда қанча майнинг ферма бор экани ернинг тубига яширилган сир. Улар кўп эмас, балки жуда кўп дейишга асос бор. Бироқ, Давлат молия назоратининг маълумотига кўра, мамлакатда фақат иккита майнинг компанияси рўйхатга олинган– «Соларкоин» ва «ВиНЭТ» МЧЖлари.

«ВиНЭТ» тадбиркор, бир қанча кичик ГЭСлар эгаси ва Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Рахатбек Ирсалиевга тегишли. Қирғизистонда хусусий ГЭСларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тоғ-кон саноатида фойдаланишга рухсат берилган – бироқ майнерлар уни 5,04 сомдан арзонга сотиб олмайди деган шарти бор. Шунинг учун, бу компания ҳеч қандай қонунни бузмаётганга ўхшайди.

«Соларкоин» электрни «Қирғизистоннинг Миллий электр тармоқлари» ОАЖдан тўғридан-тўғри сотиб олади, акс ҳолда Миллий энергетика холдинги 2019 йил 4 апрелдаги №56-б буйруғи билан майнинг фермаларга умумий тармоқдан электр энергиясини олишни тақиқлаган. Миллий хавфсизлик қўмитаси бўлса майнерларни жиноий жавобгарликка тортиб, техникаларини тортиб олиб, бу буйруқни фаол равишда бажариб юрган.

2023 йилнинг февралида «Соларкоин» йирик электр энергиясининг энг йирик истеъмолчилари рўйхатига расмий кирган. Бу мамлакатда электр энергияси бўйича иккинчи ўринда туради ва ойнак ишлаб чиқарувчи «Интергласс»га қараганда электр энергиясини деярли етти марта кўп истеъмол қилади (биринчи ўринда электр энергиясини олиб сотган бошқа бир компания туради).

«Соларкоин» инқироз ўртасида давлат электрини шунчалик кўп миқдорда, қандай асосда олмоқда?

«Яна бир марта айтаман, давлатнинг электр энергияси йўқ»

Энергетика вазири ўринбосари Талайбек Байгазиев «Клооп»га Миллий энерхолдингнинг давлат электр энергиясини майнерларга сотиш ҳақидаги буйруғи ҳамон кучда эканлигини тасдиқлади. Лекин, масалан, дейди у, «Қирғизистоннинг Миллий электр тармоқлари» —хусусий ишхона, демак, ўша буйруқни бузган бўлиши мумкин.

«[“Соларкоин” электр энергиясини] давлатдан [сотиб] олмайди, — дейди Байгазиев. — Бу акциядорлик жамияти. Миллий электр тармоқлари беради [электр энергиясини]. Яна айтаманки, бу давлатники эмас, у акциядорлик жамияти – бошқарув шакли хусусий мулкдир. Уларда акциядорлар йиғилиши бор - бош қўмондон бор. Мен яна бир марта айтаман, давлатда электр энергияси йўқ. Бу хусусий бошқарув шаклига эга бўлган хусусий компаниялар тармоғидир».

Бу ерда вазир ўринбосари бироз чалғитмоқда. Ҳа, расман Миллий электр тармоқлар ишхонаси — акциядорлик жамияти, лекин унинг 93,65 фоиз акцияси давлатга тегишли, демак, у хусусий тадбиркорлик субъекти бўлиб ҳисобланмайди. Бундан ташқари, Қирғизистондаги Миллий электр тармоқлари — республика бўйича электр энергиясини етказиб бериш ва тарқатиш билан шуғулланувчи энергетик компания. Миллий электр тармоқлари ишхонаси электр энергиясини узатиш тармоғи ва тармоқлари давлатники. Ўша тармоқлардан ўтадиган электр энергияси эса давлат электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилади. Демак, бу,

Қирғизистонда электр энергиясининг кескин тақчиллиги шароитида давлат монополист тармоқ компанияси етарли асосларсиз ўзини хусусий «савдогар» қилиб кўрсатиб, Миллий энергетика холдинги буйруғини бузмоқда ва давлат электр энергиясини ойига катта аҳоли пункити даражасини истеъмол қилувчи майнинг гигантига сотмоқда.

Талайбек Байгазиев «Соларкоин»га киловатт-соатлар бундай вақтда кўрсатилган қоидаларга мувофиқ 5,04 сомдан берилмоқда, буни ҳужжатлар ҳам тасдиқлаяпти, деб ишонтирди «Клооп»ни. Сабаби мамлакатда электр қуввати етарли эмас, ҳокимият электр энергиясининг оммавий равишда узилиши ҳақида эълон қилмоқда.

Ҳеч бўлмаганда мантиқ ва адолат қидириб, Қирғизистон миллий электр компаниясига қўнғироқ қилдик. Сабаби, у ердан «Соларкоин» нимани асосида темир заводидай бўлиб, давлат киловаттлари билан криптовалюта тўкиб ташлаётганини қайтариб бўлмас даражада асослаб бера олишади, деб ўйлагандик. Бироқ компания матбуот котиби Элзада Саргашкаева «Соларкоин» ҳақидаги саволларга жавоб беришни истамади. У Қирғизистоннинг миллий электр тармоқлари давлатдаги йирик истеъмолчиларнинг бирига электр энергиясини сотаяптими, йўқми билмаслигини айтиб, яна қўнғироқ қилишга ваъда берган. Лекин шу бўйи дими чиқмади.

Қисқаси, агар энергетика мутасаддиларининг муносабатига эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатнинг ўлкада нафақат «электр энергияси», балки унинг қаерга ва нима учун кетаётгани ҳақида ҳам тасаввурга эга эмас. Лекин аслида, албатта, бундай эмас: ҳамма жуда яхши билади, лекин тўғри саволга тўғри жавоб бергандан «қўрқишади» ёки қочишади. Ҳозир биз унинг сабабини айтиб берамиз.

Бўрига қўй боқтириш

«Соларкоин» МЧЖ 2007 йили Бишкекда рўйхатдан ўтган, бироқ негадир 2023 йилнинг январида қайта бошидан рўйхатдан ўтган.

«Соларкоин» асосчилари деб «НБТС КейДжи» фирмаси, Татьяна Олеговна Мартинова ва Люй Цзиньчэн, раҳбари эса Айсана Байзаковна Исмаилова ҳисобланади.

«НБТС КейДжи» The9 Limited деган Хитойнинг йирик интернет-компаниясига тегишли. Компания бундан бир йил аввал, 2022 йилнинг май ойида а The9 Limited Қирғизистонда майнинг учун 31,5 Мегаватт миқдорда электр энергиясига эга бўлиб, электр узатиш линияларига уланиш учун ускуналари бўлган трансформаторларни сотиб олганини, шунингдек, станцияларни, иншоотларни, юқори вольтли ускуналарни ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқини олганини билдирган.

Татьяна Мартинова бир вақтнинг ўзида иккита «катта» бизнес ҳамкори: «Электр станциялар»нинг директорлар кенгаши аъзоси, Мўғулистоннинг Қирғизистондаги фахрий элчиси Фархат Иминовнинг ҳамда «Қирғизистоннинг миллий электр тармоқлари» ишхонасининг директорлар кенгашининг аъзоси Жиргалбек Турускуловнинг. Улар билан Мартинова «Ай-элемент», «SFS Development» ва «Метрум КейДжи» компаниялари орқали алоқа қилади.

Фархад Иминов ва Айсана Исмаилованинг ҳам муносабатлари бор. У «Соларкоин» билан бир қаторда Иминов директори бўлиб ҳисобланган Gewor Trading LLP халқаро компаниясининг филиалига етакчилик қилади. Бунгача Исмаилова Инвестициялар вазирлигининг бўлим бошлиғи бўлган.

Бу ерда қизиғи, Татьяна Мартинова, Фархат Иминов ва Жиргалбек Турускулов 2015 йили «Республика — Ата-Журт» партиясидан Жогорку Кунешнинг депутатлигига номзод бўлишган. Ўшанда партия етакчилари собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва ҳозирда МХДҚни бошқараётган Камчибек Ташиев эди. МХДҚ энергия истеъмоли соҳасидаги қонунбузарликлар билан курашиши керак бўлган энг қаттиқ муассасалардан биридир.

«Катта тарифнинг катта пули»

«Майнинг фермалар иқтисодга ҳеч қандай фойда олиб келмайди», — деб ҳисоблайди энергетика бўйича эксперт Эрнест Карибеков. — Унга ишлаб чиқариш фойда беради. Агар биз товар чиқариб, ундан фойдаланиб ёки экспортга чиқарсак, мана шу иқтисоднинг ўсишига таъсир қилади. Майнинг ферманинг бундай таъсири йўқ. У бизнинг фақат ресурсимизни олади. Бу халқни, бутун иқтисодни чеклаб, [электрни] ўшаларга беришади дегани. Бу нормал сиёсат эмас».

Энергетика вазирининг ўринбосари Байгазиев экспертнинг фикрига қўшилмайди. У майнинг компаниялар катта пул олиб келмоқда деб ҳисоблайди.

«Биз ҳозир электр энергиясини импорт қилиб олиб келяпмиз», — деб эсллатди “Клооп”га вазирнинг ўринбосари. Мана шу пуллар катта тариф бўйича [майнерларнинг] катта пуллари бизга четдан электр энергиясини сотиб олишга ёрдам бўлмоқда. Сабаби ички тарифлар ҳаражатлар билан сотиб олиш нархларини ёполмайди».

«Биз» дегани ким ва «бизга» деганда кимга эканига Талайбек Байгазиев аниқлик киритмади. Бироқ контекст бўйича қарасак, гап давлат ҳақида бўлмоқда. Демак, вазирнинг ўринбосари Қирғизистоннинг миллий электр тармоқлари ишхонаси бу хусусий компания, электрни кимга сотишни ўзи ҳал қилади деган сўзини яна инкор қилмоқда. Сабаби мантиқ бўйича, хусусий компания давлатнинг ижтимоий ҳаражатларини ёпмаслиги керак. Демак, Энергетика вазирлиги давлатнинг электр энергиясини майнинг ферма сотиб олишидан манфаатдор бўлган.

Аслида тарифлар бўйича ҳам саволлар бор. Ҳозир Қирғизистон электр энергиясини Қозоғистон, Туркманистон ва Россиядан ўртача 2,6 сомдан сотиб олмоқда. Бошқача айтганда, Қирғизистонинг миллий электр тармоқлари ишхонаси электрни майнерларга сотишдан 2,44 сом фарққа эга ва унинг иқтисодий мантиғи бор. Аммо доим ҳам бундай бўлган эмас.

Биз олдин айтгандай, «Соларкоин» электр энергиясига майнерлар учун қўйилган расмий тариф бўйича тўлаб, киловатт-соатини 5,04 сомдан сотмоқда. Бироқ бу фақат апрелдан бошлаб шундай нархни тўлайди. Апрелгача майнинг компания давлат электр энергияси учун қандай тариф билан тўлагани номаълум. Аввалроқ ахборот воситалари йирик истеъмолчилар электрни давлатдан 2,03 сомдан, уни қайта майда майнерларга сотган воситачилар ҳаёлга келмаган 22,5 тийиндан сотиб олганини билдиришган.

«Соларкоин»нинг атрофидаги эътиборни тотган схема — амалдорлар давлат электрини эл манфаатини ўйламай, майнерларга сотишга ҳаракат қилиб ёки сотаётган биринчи ҳолат эмас. 2022 йили баҳорда «Электр станциялар» ишхонаси Бишкек ИЭМнинг ўзида майнинг ферма жойлаштиришга ҳаракат қилишган. Бу ҳақда иссиқлик электр марказининг ходимлари митингга чиққандан кейин маълум бўлган.

«Клооп» ўзининг олдинги суриштирувида Энергетика вазирлиги «Камбар-Ата-2» ГЭСидаги электр энергияни қандай қилиб Бакиевлар кланига боғлиқ майнинг компанияга сотгани ҳақида айтган. Биз фирма электр энергиясини меъёрдан ортиб кетган тарифдан ҳам беш марта арзон сотиб олишини билганмиз. Энергетика вазирлиги биз чиқарган маълумотлар ростлигини тан олишга мажбур бўлган.

Аммо шундан кейин ҳам ҳукумат халқнинг кўзига тик қарамади. Энергетика вазири Таалайбек Ибраев билдиришича, қирғизистонликлар учун электр ёруғи учун тарифлар ҳар йили, инфляцияга қараб ўсаверади. Унинг таклифи билан президент Садир Жапаров ўлканинг энергетикасига 2023 йилнинг 1-августидан 2026 йилнинг охиригача электр энергияси танқис бўлаётгани сабаб фавқулодда ҳолат режимини киритди. Бу ўз навбатида ёруғликни ёппасига ўчирилишига олиб келиши мумкин.

Аввалроқ ҳукумат ҳам электр энергиясини ишлатишга чеклов киритган, танқислик сабаб энергетиклар қишда аҳолини электр иситгичларига муҳр қўя бошлаган. Аниқроғи, музлайсизларми, совқотасизларми барибир — энг асосийси майнерларнинг криптовалюта топиш иши тўхтаб қолмаслиги керак.

«Тезакни ҳозирдан ғамлаб олинглар», — деган эди давлатнинг қочқин президенти Курман Бакиев. Бакиев бошқарган вақтда электр энергиясини вақти-вақти билан ўчириш ва тарифларни ошириш 2010 йилдаги апрель инқилобининг ягона сабаби бўлган эди. Адашмасам, ўша қонли воқеалар Бакиевнинг йўлини давом эттириш билан тўхтамай, унинг бизнес клани билан бирга ўша йўлга тушиб қолган амалдаги ҳукуматга сабоқ бўлолмаган кўринади.

Муаллифлари: Арууке Солтоной, Виктор Мухин