Ўшда собиқ турмуш ўртоғи томонидан пичоқланган аёл адолат излайди

114

Ўш шаҳрининг 37 ёшли турғуни, беш фарзанднинг онаси Гулбахар Имарова, 3 майда собиқ турмуш ўртоғи Алмаз Каримов болалари кўз ўнгида пичоқлаб қочиб кетганини айтиб чиқди. Ўн жойидан пичоқланган аёл, Каримов рухий касалхонадан жавобгарликдан қутулиш мақсадида  «аффект ҳолатида» деган хулоса тайёрлатиб олганидан норози бўлмоқда.

Ўш вилоят судидан «Клооп»га 20 июлда мазкур жиноят иши вилоят милицияси томонидан ўрганилиб, судга топширилганини маълум қилишди.

Ҳикоя ҳақида

Ўш шаҳрида яшовчи 37 ёшли Гулбахар Имарова 3 майда фарзандларининг кўз ўнгида собиқ турмуш ўртоғи томонидан пичоқланиб, ўн жойидан тан жароҳати олган. Беш фарзанднинг онаси «ОшТВ» телеканалига интервью бериб, собиқ эри ундан олдин ҳам зўравонлик қилиб келганини айтди.

Имарованинг айтишича, у 2015 йилда турмуш ўртоғига турмушга чиққан ва уч фарзандли бўлган. Улар Россияда яшаган, бироқ орадан беш йил ўтиб эрининг зўравонлигига чидай олмай, болалари билан Қирғизистонга қочиб келган.

«Кўп ҳўрлаган. Мен энди шу билан турмуш қуриб яшаб кетайин деган мақсадда яшаб келганман. Учинчи қизим туғилгандан кейин зўравонлик кўпая бошлади. Мен уч бола билан уйдан чиқа олмайман, ишдан кейин уйда ичиб олиб бўлар-бўлмас нарсага уруш кучаяверди. Уч йил олдин калтакланишим сабабли иккимиз айтишиб кетдик ва у менга талоқ бериб қўйди. Кейин бир ҳафта ичида унга айтмай, Москвадан уч нафар фарзандимни олиб қочиб келганман», — дейди Имарова.

Жабрланувчининг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи уни ҳомиладорлигида ҳам ҳўрлаб «мен билан бирга яшамасанг ўлдириб кетаман» деб қўрқитиб юрган.

Имарова пичоқланганида кўп қон кетиб, қўшнилари кўмагида тирик қолганини айтади. Ўшанда эри жавобгарликдан қутулиш учун руҳий касалхонадан «аффект ҳолатда» деб хулоса тайёрлатиб олганидан норози бўлмоқда.

«Шундай қилиб, биз уч йил бирга яшамадик. "Болаларимни кўрсат" деб ўтган йили бир марта келиб, шундай калтаклаб кетган. Унда ўзининг ўғлини ўғирлатиб милицияга тушиб, пул бериб, адвокат ёллаб, қутулиб кетган. [...] Уйнинг ичида ухлаб ётганимда пичоқлади.  У “мен болаларимни кўргани борганимда менга бақирди” деб кўрсатма бермоқда, бу нотўғри. Ўзи келиб, пичоқлаб, “аффект ҳолатига” чиқиб олганидан шунчалик норозиман», — деб билдирди жабрланувчи.

Мазкур факт юзасидан Ўш вилоят ИИБи жиноят иши қўзғаб, гумонланувчини икки ойга ҳибсга олган. Ҳозирда иш суд назоратига келиб тушганини 20 июлда Ўш вилоят судидан «Клооп»га билдиришди.

Қирғизистонда оиладаги зўравонлик

Қирғизистон жамиятининг балоси — оиладаги зўравонлик. 2022 йилининг ўзида Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича жами 6580 та жиноий иш қўзғалган.

2021 йилда эса Қирғизистон дунёда аёллар фаровонлиги, хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни эгаллади ва Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.

Amnesty International Халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти бўлса 2021 йил учун ҳисоботида, Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалганини таъкидлаган.

Агарда зўравонликнинг гувоҳи ёки жабрланувчиси бўлсангиз, ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва мамлакат минтақаларидаги инқироз марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Муаллиф: Гаухар Шергази қизи

Ҳаммуаллиф: Бакай Алмаз