«Не сахар» бошловчиси «Абдиш-Ата» фирмасининг қўриқчилари унга ҳужум қилганини айтди

«Не сахар» лойиҳасининг аъзолари «Абдиш-Ата» фирмаси биносида. Сурат: Умар Даданов.

Чуй вилоятининг Қант шаҳрида «Не сахар» лойиҳасининг тўрт аъзосига «Абдиш-Ата» фирмасининг қўриқчилари ва номаълум одамлар ҳужум қилди. Бу ҳақда «Клооп»га 25 июлда лойиҳанинг бошловчиси, журналист Умар Даданов маълум қилди.

Унинг айтишича, воқеа бугун соат 15:30 атрофида бўлган. Лойиҳанинг аъзолари фирмага санитар қоидаларни бажарилишини текширгани борган. Қўриқчилар уларнинг камерасини тортиб олиб, ўзларини калтаклаб, бинодан қувиб чиқишган.

«Бинонинг ичига кирганда темир, арматуралар билан уриб қўрқитишди. Тасвирий гуруҳдаги йигитларни тепиб ташлашди. Урганда ҳам юз-кўзига эмас, кўкартирмай уришибди. [...] Ташқарига чиққанда номаълум ўн киши тўпланаётган экан. Ўзимизнинг машинада милиция бўлимига кетаётганда ортимиздан икки машина қувлади», — деди у.

Даданов фирмадаги ҳужум қилган қўриқчилар 3 минг долларга яқин моддий зарар келтирганини айтиб, милицияга ариза ёзганини билдирди.

«Камераларни синдиришди. “Нитро” чиқарган фирма Қирғизистондаги энг таниқли компанияларнинг бири бўлгани учун репутациясини бузиб олишдан қўрқиб, ичидаги видеоларни ўчириш учун камерани тортиб олишди. Ҳозир материалнинг бари уларда», — деди у.

Шунингдек, Даданов «Абдиш-Ата» фирмасининг «Нитро», «Живое пиво» ичимлигини чиқарувчи заводида санитар меъёрларга риоя қилинмайди» деб қўшимча қилди.

«Заводнинг ичини тасвирга олдим. Ичимликлар чиқарилаётган жойга машина билан кирса бўлар экан. Асосий маҳсулотлар тайёрланадиган жойга машинада кириб бўлмайди. Ходимларнинг тегишли формалари йўқ. Техникалар учун калитлар, мойлар аралашиб ётибди. У ердаги санитар ҳолат фирманинг даражасига мос келмайди», — деб таъкидлади Даданов.

Иссиқота туман милициясидан «Клооп»га «Не сахар» лойиҳасининг аъзолари ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлаб, терговчи жабрланувчиларга экспертиза тайинлаш учун мутахассисларга йўлланма берганини таъкидлашди.

«Абдиш-Ата» фирмасидан воқеа бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

«Не сахар» лойиҳаси 2018 йили истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган. Лойиҳада озиқ-овқат дўконлари, ишхоналар ва жамоат овқатланиш жойларининг санитар ҳолати текширилади.

Бунгача лойиҳанинг жамоатчиликда муҳокамага сабаб бўлган бир неча кўрсатувларидан кейин Ўшдаги «Манас-Ата» кафеси ёпилиб, «Алькони» ишхонасига жарима солинган.