Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси «фирибгарлик» моддаси билан судланган Икрамжан Илмияновга Лайлак туманининг «Фаҳрли фуқароси» унвони берилди. Бу ҳақда 26 июлда туман маъмуриятидан билдиришди.
Маълумотда тумандаги энг юқори унвон Илмияновга «ҳудуднинг ривожланишига қўшган ҳиссаси учун» берилгани айтилган.
Мукофотлаш ва тумандаги ярим йилда қилинган ишларнинг сарҳисоб қилиш мажлисида президентнинг Боткендаги мухтор вакилининг ўринбрсари Тимур Мадяров, депутат Чингиз Ажибаев қатнашди.
Туман маъмуриятидан Илмияновдан ташқари бошқа жамоат арбоблари ва давлат хизматчилари тақдирланганини қўшимча қилишди.
Илмиянов ким?
Икрамжан Илмиянов собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг маслаҳатчиси ва яқин одамларидан бири бўлган. 2017 йили Атамбаев ишдан кетишидан олдин Илмиянов билан яна бир маслаҳатчиси Фарид Ниязовни «Манас» ордени билан тақдирлаб, уларни «яхши вазир» деб атаган.
Жамиятда эса Илмиянов «Атамбаевнинг ҳайдовчиси» сифатида танилган. У Атамбаев бошқарган «Киргиз автомаш»да ишлаб, кейинчалик 2009 йилгача собиқ президентнинг шахсий ҳайдовчиси бўлган.
Ҳукумат алмашгандан кейин 2018 йилнинг октябрида Илмиянов Россияда қўлга олиниб, фирибгарлик, пора олиш ва бошқа жиноятларда айбланиб, Қирғизистонга депортацияланган. Бироқ бу айбларнинг бирортаси ҳам исботланмаган.
Терговнинг версияси бўйича, 2017 йилнинг августида Илмиянов Сооронбай Жээнбековнинг сайлов олди президентлик штаби етакчисининг ўринбосари бўлганда «Дизель комплект» компаниясидан «ҳомийлик ёрдам» ва «рағбат» турида 150 минг доллар олган. «Рағбат» ҳукумат компания машиналарини қамоқдан чиқариш учун берилган.
Бишкекнинг Октябрь туман суди 2019 йилнинг октябрида Илмияновни «Фирибгарлик» моддаси бўйича айбдор деб топиб, мулкини мусодара қилиш билан етти йилга озодликдан маҳрум қилган.
Илмиянов бундан ташқари 160 минг сом жаримага тортилган. У охирги сўзида қўйилган айбларни «асоссиз» ва «далилсиз» деган.
2020 йилнинг 19 июнида Бишкек шаҳар суди Илмияновнинг жазо муддатини 1,5 йилгача қисқартирган. Кейин Октябрь туман суди уни ётоқ-қамоғига ўтказиш қарорини чиқарган. 2022 йили Илмиянов жазо муддатини ўтаб, озодликда экани маълум қилинган.