Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида қирғизистонлик аёл ёш болаларининг кўз олдида ўзини осди. Бу ҳақда 20-июлда Tengrinews.kz. нашри ёзди.
Маълумотга кўра, Жибек Аменова исмли фаол ижтимоий тармоқдаги саҳифасига Олмаотанинг Мамир кичик туманида ўз жонига қасд қилиш бўлганини билдирган.
Фаолга марҳумнинг қўшнилари бунгача эри унга зулм қилиб юргани ҳақида айтишган. Олмаота шаҳар милицияси «Ўз жонига қасд қилишга етказиш» моддаси билан жиноий иш қўзғалгани айтилмоқда.
Қирғизистонинг ташқи ишлар вазирлигидан вафот этган аёл Ўш вилоятида туғилганини тасдиқлашди. 29 ёшли марҳум 2021 йили қирғиз фуқаролигидан чиқиб, қозоқ фуқаролигини олган.
Қирғизистоннинг Меҳнат, ижтимоий таъминлаш ва миграция вазирлигининг маълумотига кўра, Қозоғистонда 30 мингга яқин қирғизистонлик яшаб, ишлайди.
Қозоғистонда январдан майгача оиладаги зўравонлик бўйича полицияга 35 мингдан ортиқ ариза тушган, 6 мингга яқин одам маъмурий, 300 киши жиноий жавобгарликка тортилган.