Бишкек: Кондиционери бор бекат видеоназорат ўрнатилгандан кейин очилади

152

Бишкекнинг Жусуп Абдрахманов ва Киев кўчаларининг кесилишидаги кондиционери бор бекат видеокузатув камераси йўқлиги сабаб ёпиқ турибди. Бу ҳақда 21-июлда Биринчи май тумани ҳокими Максатбек Сазикулов билдирди.

У Kaktus.media нашрига берган интервьюсида бекат очилган куни тунда номаълум одамлар ичини чиқиндига тўлдириб қўйганини айтиб, эртаси куни ёпишга тўғри келганини таъкидлади.

«Камера қўйишимиз керак, бўлмаса бўлмайди. Ҳозир биз ташкилотчилик ва молия масалалари, камера қайси тизимга қўшилиб, қонунбузарликларни ким назорат қилишини ҳал қиляпмиз», — деди у.

Ҳоким бекатда йўловчилар кўплиги сабаб кондиционери бор яна бир павильон қуриш режалаштирилаётагини қўшимча қилди.

Ҳозирда ёпиқ турган бекат. Сурат : Айжамал Джаманкулова/ “Клооп”

Бекат қурилаётгани ҳақида 10-июлда маълум бўлган. У Биринчи май туман ҳокимлиги билан «Бакай банк» ўртасида тузилган шартнома бўйича амалга оширилган.

Лойиҳага кўра, бекат ёзда ичида салқинлаштирувчи ва қи шда иситиш тизими бор ёпиқ павильон бўлиши керак. Шунингдек, бекатга Wi-Fi, ногиронлар учун пандус, реклама лайт-бокс ва карта-схема, интерактив сенсорли LCD монитор ўрнатилади.

Бундан ташқари, бекатга «Хавфсиз шаҳар» тизими ўрнатилиб, бир неча метр масофда бўлаётган ҳаракатни туну кун тасвирга олиш имкони бор видеокузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилаётгани айтилган.