Иссиқкўлнинг Бостери қишлоғида номаълум одамлар кўл четидан 12 ёшли болани ўғирлаб, ота-онасидан 300 минг доллар талаб қилишган. Бу ҳақда 21-июлда Kaktus.media нашри ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига таяниб ёзди.
Маълумотга кўра, воқеа 20-июлда соат 08:30 атрофида бўлган. Милицияга мурожаат қилган Аламүдүн туманининг 48 ёшли турғуни номаълум одамлар боласини ўғирлаб кетиб, пул талаб қилаётганини айтган.
Милиция ходимлари ўсмир Бостеридаги «Путинка» ва «Апорт» дам олиш ҳудуди ўртасидаги кўл четидан ўғирланганини аниқлашган.
«Бола ўша куни Кеминнинг Боом қапчиғайидаги Муздак-Суу ҳудудидан бошига халта кийдириб, қўл-оёғи боғланган ҳолда топилган. Ўсмирни икки одам ўғирлагани маълум бўлди», — деб ёзилади маълумотда.
Иссиқкўл вилоят милициясидан «Клооп»га бу воқеа рўйхатга олиниб, текширув бораётганини тасдиқлашди. Бироқ тергов махфийлигини айтиб, воқеа ҳақида кейинчалик тўлиқ маълумот берилишини айтишди.