«Тазалик» ишхонаси махсус техникани сотиб олишда давлатга 8 млн сомдан ошиқ суммада зарар келтирган

154

Бишкек шаҳар мэриясига қарашли «Тазалик» муниципал ишхонаси давлатга 8 миллион сомдан ортиқ моддий зарар келтирган. Бу ҳақда 20 июлда Бишкек шаҳар прокуратураси билдирди.

Тергов вақтида «Тазалик» 2022 йилнинг сентябрида 5 дона махсус техника сотиб олишда ноқонуний шартнома тузгани аниқланган.

Прокуратуранинг маълумотига кўра, ишхонанинг тендер комиссияси сотиб олинган техниканинг ўртача нархларини «текширмай, аниқ нархни аниқламай», «Г» МЧЖ билан 23 млн 309 минг сомга сотиб олишга шартнома тузишга қарор қилган.

Кейин бу компания шартнома тузишдан бош тортгани сабаб «Тазалик» ишхонаси 466 минг сомлик таклифдан кафолат суғуртасини ноқонуний қайтариб бергани айтилди.

«2022 йилнинг 5 октябрида “Тазалик”нинг собиқ директори Нурлан Касимов лавозим ваколатидан фойдаланиб, махсус техникаларни “K” МЧЖдан 4 млн 573 минг сомга оширилган нархда ноқонуний сотиб олган. Шунингдек, жамиятдан шартномада кўрсатилган олиб келиш муддатини бузгани бўйича 3 млн 10 минг 500 сом миқдорида жарима ундирилмаган», — дейилади билдирувда.

Натижада давлатга катта миқдорда 8 млн 49 минг 500 сом моддий зарар келтирилган.

Шаҳар прокуратураси ишхонанинг собиқ етакчисига жиноят кодексининг «Лавозим ваколатидан фойдаланиш», «Билиб туриб фойдасиз шартнома тузиш» моддалари билан жиноий иш қўзғаб, тергов амалларини олиб бормоқда.

«Тазалик»нинг амалдаги бошчиси Рамиз Алиев 2023 йилнинг январида ишхонага раҳбар бўлиб тайинланган.

Бунгача Рамиз Алиев яроқсиз техникалар сақланган жойни кўрсатиб, фойдаланилмаган техникаларни металлоломга ўтказиб, тушган маблағ эвазига янги 1-2 машина олса бўлишини билдирган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи