Қирғиз халқ шоири Шайлообек Дуйшеев ТҮРКСОЙнинг олтин медали билан тақдирланди

101
Шайлообек Дуйшеевга мукофотни топшириш маросими. Сурат: Султан Раев

Қирғиз халқ шоири Шайлообек Дуйшеев ТУРКСОЙ халқаро ташкилотининг олтин медали билан тақдирланди. Бу маълумотни «Клооп»га 18 июлда мазкур ташкилотнинг бош котиби Султан Раев тасдиқлади.

Унинг айтишича, олтин медаль Дуйшеевга қирғиз адабиёти ва турк маданиятининг ривожланишига катта ҳисса қўшгани учун берилди. Мукофотни 17 июлда Раев ўзи топширди.

ТУРКСОЙ — 1993 йили Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Туркия ўртасида тузилган турк дунёсининг биринчи ҳамкорлик ташкилоти. Мазкур ташкилот ҳар йили маданият тармоғида хизмат кўрсатган арбобларни мукофотлайди.

Бунгача ташкилотнинг олтин медалини Қирғиз халқ қаҳрамони Тургунбай Садиков, қозоқ халқ ёзувчиси Олжас Сулейманов, қозоқ халқ артисти Асанали Ашимов, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар, ўзбек халқ рассоми Акмал Нур ва туркманистонлик ҳайкалтарош Сарагт Бабаев олган.

Халқ шоири — Шайлообек Дуйшеев

Қирғиз халқ шоири, иккинчи даражадаги «Манас» ордени соҳиби Шайлообек Дуйшеев 73 ёшда. У Норин вилоятидаги Отбоши қишлоғида туғилган.

Унинг ижод йўли 1968 йилдан бошланган. 1985 йили «Аптап» номли биринчи шеърлари тўплами чиққан. Кейин «Кайдигерлик», «Суйлошконго чейинки соз», «Тайгулук», «Арабадаги ир», «Шамал», «Шакен азган» , «Алтайдын ошол поюзу», «Шам», «Туз», «Эки доонүн курошу», «Агиндилар» , «Кудайдын тоосу кулади» номли китоблари нашр қилинган.

Қирғиз халқ шоири Шайлообек Дуйшеев «Манас» орденидан ташқари Токтогул Сатилганов номидаги давлат мукофотини ва Чингиз Айтматов, Байдилда Сарногоев номидаги халқаро адабий мукофотларнинг лауреати. Норин вилоятининг фаҳрли фуқароси.

Жамоат арбоби сифатида бир қанча газеталарда ва журналларда мухбир, бўлим бошчиси, муҳаррир бўлиб ишлаган. Ҳозирда «Азаттиқ»нинг Бишкекдаги маърузачиси бўлиб ишлайди.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи