Ижтимоий тармоқларда номаълум одамни аёлини болаларининг кўз олдида калтаклаётган видеоси тарқади. 13 июлда Аламудун туманида бўлган воқеа видео камерага тушиб қолган.
Видеода олдин одам ердан бир нарса олиб аёлини урганини, кейин ёш қизнинг йиғлаганига қарамай, ерга йиқитиб, калтаклаганини кўриш мумкин.
Назгул Насиева номли фейсбук фойдаланувчиси воқеага гувоҳ бўлганини айтиб, аёлга ёрдам берганини ёзди.
«Соат 13:40да уйга келаётиб сочлари тўзиган, кийимлари, қўллари, оёқлари қонга беланган, қоши ёрилиб, юз-кўзи кўкарган аёлни кўриб, ҳайрон қолдим. Машинадан тушиб аёлга ёрдам берай десам, хотиннинг ҳам, эрнинг ҳам оғзидан ароқ ҳиди келади. Аммо кўча дайдилари эмас, бир яхши жуфтлик экан. Кўзлари жовдираб, бечора болаларнинг юраги тушиб қолган», — деди у.
Шунингдек, Насиева милицияни чақиришга ҳаракат қилган, бироқ калтакланган аёл «қарши бўлган».
Аламудун туман милициясидан «Клооп»га аёл «ариза ёзишдан бош тортгани сабаб ҳеч қандай иш қўзғалмаслигини» билдиришди.
Қирғизистондаги оилавий зўравонлик
Қирғиз жамиятининг балоси — оиладаги зўравонлик. ИИВнинг маълумотига кўра, ўтган йилнинг етти ойида оиладаги зўравонликнинг 5911 факти рўйхатга олинган.
2021 йили Қирғизистон дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексда 97-ўринни олиб, Марказий Осиё минтақасида аёллар учун энг хавфли давлат деб топилган.
Amnesty International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса 2021 йилдаги ҳисоботида Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик кенг тарқалганини таъкидлаган.
Шунингдек, зўравонликдан омон қолганлар уларни хўрлаганларга бўлган иқтисодий тобеликдан ва жамиятдаги стигмадан зўравонликлар ҳақида маълум қилишдан қўрқишларини айтган.
Агар зўравонликнинг гувоҳи ёки қурбони бўлсангиз ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва республика ҳудудларидаги кризис марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.