Temirov Live командаси депутат Тумонбаевнинг аёлига тегишли «хон саройи» борлигини аниқлади

93

Temirov Live жамоасининг журналистлари Жогорку Кенеш депутати Акилбек Тумонбаевнинг «аёли дейилган» Динара Конокбаевага тегишли 2022 йили қурилган катта уйи борлигини айтишди.

Бунгача Тумонбаев «Азатиқ»қа берган интервьюсида 1996 йили сотиб олган уйда яшаётганини айтиб, «96 йили қандай яшасам, бугун ҳам шундай яшайман» деган.

«Мен бойман, камбағалман демайман, ўртадаман. Агар ноқонуний бир дўконим бўлса, журналистларми ким топса, ўшани муаммосиз бераман. Агар Бишкек атрофидаги бир сотих ерим бўлса, уни ҳам бераман», — деган у.

Temirov Live’нинг журналистлари Тумонбаевнинг 2021 йилга тўлдирган декларациясини ўрганиб чиққан. Унга кўра, депутат бир йилда 300 минг сомдан ортиқ даромад топган. Шунингдек, у бир неча миллион сомдан ортиқ моллари ва яқинларининг деярлик 62 кв метр уйи борлигини кўрсатган.

Журналистлар очиқ манбаларга таяниб, Қирғизия-1 кичик туманидаги янги қурилган уй Тумонбаевнинг «аёли бўлган» Динара Конокбаевага тегишли эканини аниқлашган.

Temirov Live’нинг суриштирувидан скриншот

Уларнинг айтишича, 2022 йили қурилган уйнинг катталиги Тумонбаевнинг 2021 йилдаги декларациясида кўрсатилган 62 кв мертлик уйдан фарқ қилади.

«Конокбаевага тегишли уйнинг техника маълумотномасида уйнинг ҳудуди 78.7 кв метр, уйнинг майдони 37.5 кв метр деб кўрсатилган. Тумонбаев интервьюда унинг уйи 1996 йили сотиб олинганини билдирган. Бу уй “Кадастр”нинг маълумотига кўра, 2006 йили сотиб олинган», — деди журналист.

Temirov Live’нинг журналистлари Тумонбаевдан изоҳ олиш учун унга қўнғироқ қилишган, бироқ боғланишни имкони бўлмаган.

Акилбек Тумонбаев ким?

Акилбек Тумонбаев президент Садир Жапаровнинг қудаси. У президентнинг опаси Акат Жапарованинг куёви Таалайбек Тумонбаевнинг укаси.

Тумонбаев Ички ишлар вазирлигида ва Солиқ хизматида ишлаган. 2001 йилдан бошлаб молия полициясида ишлаб, 2016 йили ҳисоб палатасининг аудиотури бўлган.

У 2020 йили натижаси бекор қилинган сайловга «Ата Мекен» партияси билан қатнашган. 2021 йилдаги сайловда Иссиқкўл вилоятидаги Ак-Суу округидан депутат бўлиб сайланган.

Шунингдек, Тумонбаевнинг укаси Турусбек Тумонбаев «Унаа» давлат ишхонасини бошкарган. Уни бу лавозимга Садир Жапаров тайинлаган. Давлат раҳбари қудаларини юқори лавозимларга «барқарорликни сақлаш учун» қўйганини айтган.

Турусбек Тумонбаев шу йилнинг 13 сентябрида 527 млн сомлик тендерга боғлиқ можаро вақтида ишдан бўшатилган. Кейин у «Бишкек асфальт сервис» ишхонасига директор этиб тайинланган.