Ўшнинг собиқ мэри Алмаз Мамбетов Қирғиз-Озарбайжон ривожлантириш фондининг тенг ҳуқуқли раиси этиб тайинланди. Тегишли буйруққа Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 14 июлда қўл қўйди.
Унга кўра, Мамбетов ривожлантириш фондидаги бу лавозимда уч йилгача ишлайди.
Фонд тузиш ҳақидаги келишувга ўтган йили Озарбайжон президенти Илхом Алиевнинг Қирғизистонга бўлган давлат ташрифида имзо қўйилган.
Алмаз Мамбетов ким?
47 ёшли Алмаз Мамбетов 2021 йилнинг август ойида президент таклифи билан Ўш шаҳар мэри бўлиб тайинланиб, 2022 йилнинг ноябрида ишдан бўшатилган.
Мамбетов олдин президент ва ҳукуматнинг иш бошқармасининг етакчиси, Давлат рўйхатга олиш хизматининг раиси, Балиқчи шаҳар мэри бўлиб ишлаган.
У Балиқчи шаҳрини бошқарган вақтда жамоатчиликда сўкингани билан ёдда қолган. У 2017 йили Балиқчининг собиқ мэри Сатибек Шамшудинов билан телефонда уришиб кетиб, уни «ўласан» деб қўрқитган. Кейин Мамбетов «Ўлдириш таҳдиди» моддаси билан айбдор деб топилган ва икки минг жарима солинган.