Блогер Улукбек Карибек ўғлига «Безорилик» моддаси билан иш қўзғалиб, 48 соатга қамалди

152
Сурат: Улукбек Карибек ўғлининг фейсбук саҳифаси

Блогер Улукбек Карибек ўғлига «Бебошлик» моддаси билан иш қўзғалиб, 48 соатга вақтинча сақлаш жойига киритилди. Маълумотни «Клооп»га 15 июлда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси тасдиқлади.

Билдирувда Карибек ўғли икки шериги билан вилоят касалхонасининг туғруқхона бўлимига «санитар меъёрларга амал қилмай бостириб кириш билан шифокорларга зарар бергани» айтилади.

Маълумотга кўра, воқеа 7 июль куни бўлган. Унда туғурқхонанинг бош шифокори милицияга мурожаат қилиб, «номаълум журналистлар рухсатсиз видеога олиб, ишига тўсқинлик қилганини» айтган.

Милиция ходимлари воқеа жойга бориб, у ерда Улукбек Карибек ўғли юрганига гувоҳ бўлишган.

«Карибек ўғли ўзининг икки шериги билан туғруқхонанинг орқа эшигини бузиб, ҳеч кимнинг рухсатисиз, санитар нормаларга амал қилмай, жонлантириш бўлимига кириб келган. Шифокорларнинг талабига бўйсунмай, Эрмек Жабар ўғлининг қўлини қайриб, иккинчи шифокор Аксана Жумабековани туртиб юборганда боши билан деворга урилган. Улар туғруқхонанинг иккинчи қаватининг эшигини бузиб, ҳар бир палатага кириб, янги кўз ёрган 10 нафарга яқин аёлдан интервью олгани аниқланди», — дейилади билдирувда.

Милициядан муассасага деярли 37 минг сомга яқин зарар келтирилганини ва шифокорлар турли даражада жароҳатланганини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланганини билдиришди.

«Янги кўз ёрган 20 бош шифокорга мурожаат қилиб, Карибек ўғли туғруқхонага бостириб кириб, рухсатсиз видеога олиб, беморларнинг тинчлигини бузганини ва янги туғилган гўдакларга юқумли касалликлар юқиб қолиши мумкинлигини айтишган», — дейишди милициядан.

Ўш шаҳар ИИБдан Карибек ўғли сўроқ қилиниб, тергов ишлари давом этаётганини айтиб, кейинчалик маълумот беришни билдиришди.

14 июлда блогернинг фейсбук саҳифасига «уни милиция ходимлари ушлаб, Ўшга олиб кетишаётгани» ҳақида маълумот чиққан. Воқеа жойида олинган сурат ҳам жойланган. Ўш шаҳар ИИБнинг маълумоти бўйича Карибек ўғлидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Карибек ўғли ким?

Улукбек Карибек ўғли блогер ва фуқаровий журналист сифатида маълум. У журналистика тармоғида 2011 йилдан бери ишлайди. Бошида у «Манас Жанириғи» телеканалида ишлаган, кейин «Марва» телеканалини бошқарган.

Карибек ўғли 2021 йилдаги парламент сайловида «Эл Умуту» партиясидан Жогорку Кенеш депутатлигига номзодини кўрсатган. Номзодлар рўйхатида иккинчида турган. Аммо партия сайловдан ўтолмай қолган.

Шунингдек, у Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсаловнинг танқидига учраган блогер сифатида ҳам маълум. Байсалов унинг видеосини мисол қилиб, ҳукумат блогерларнинг «чегарадан чиққан» ҳаракатига чора кўради деб билдирган.

Карибек ўғли унинг танқидини «жамиятга тескари маълумот тарқатиш» қатори сифатлаб, маълумотни манипуляция қилиш «давлат ходимининг этикасига тўғри келмайди» деган.

Блогер видео материалларини YouTube каналига чиқаради. Каналнинг 470 мингдан ортиқ обуначиси бор.