Ўш: Суд «Манас-Ата» кафесининг эгаларига бинони ўзлари мустақил бузиш мажбуриятини қўйди

136
Ўш шаҳридаги «Манас-Ата» кафеси. Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Ўш шаҳар суди «Манас-Ата» кафесининг эгаларига бинони ўзлари мустақил бузиш мажбуриятини қўйди. Бу ҳақда 14 июлда «Клооп»га шаҳар судидан билдиришди.

Маълумотга кўра, суднинг қарори 5 июлда чиққан. Унга кўра, кафенинг эгалари Юлдашбай Нематов ва Гулжан Исакова Шакиров кўчасида жойлашган умумий майдони 1727,3 метр квадрат бинони ўзлари бузиши керак.

Шунингдек, овқатланиш жойининг эгаларидан биргаликда 700 минг сом ундирилди.

Суддан томонлар Ўш шаҳар судининг қарорига апелляция аризаси билан вилоят судига шикоят қилишга ҳақли эканини билдиришди.

«Манас-Ата» кафесидаги можаро

Мазкур кафедаги можаро 2022 йили 27 июнда «Не сахар» кўрсатуви текширувга келганда бошланган. Кафенинг маъмури «Не сахар»га тўсқинлик қилиб, икки томон жанжаллашиб кетган.

Бироқ эфирнинг бошланишида кафенинг санитар ҳолати талабга жавоб бермаслиги камерага тушиб қолган. Бу можаро ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилиниб, иш милициягача етган.

«Манас-Ата»нинг эгаси Бахтияр Гуламов ва администратори Машрапхон Кушакбаева шаҳар ИИБга чақиртирилиб, қўпол муносабат учун кечирим сўрашган.

Кейинчалик Ўш мэрияси «Манас-Ата»ни ва бошқа кафеларни оммавий текширган.

Мазкур кафега 41 минг сом жарима солиниб, вақтинча ёпилган. Ўтган йилининг 6 июлида Ўш шаҳар прокуратураси мэрияга «Манас-Ата» кафесини бузиш таклифини киритган.