Ўш: Болалар сил касаллигига қарши курашиш касалхонасининг ходимларига тўрт жиноят иши қўзғалди

176
Сурат: Даткабек Шабданбек ўғли / Azattyk

Йил бошидан бери Ўш вилоятлараро болалар силга қарши курашиш касалхонасининг масъул ходимларига тўрт жиноят иши қўзғалди. Бу ҳақда «Азаттиқ» нашри 11 июлда ёзди.

Маълумотга кўра, бу йил март ойида Ўш шаҳар прокуратураси мазкур муассасани текшириб, «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» моддаси асосида иш қўзғаган. Кейин май ойида яна текширилиб, «Расмий фирибгарлик» моддаси бўйича яна икки иш очилган.

Ходимлар давлатга умумий 5 млн сом зарар келтирганликда гумонланмоқда. Ҳозирда прокуратура тегишли ишларни олиб бормоқда.

7 июнда МХДҚ касалхона ходимларига нисбатан «Лавозим ваколатидан фойдаланиш» моддаси асосида иш қўзғаб, давлатга 2,8 млн сом зарар келтирганини аниқлаган.

2 майда «Т-Медиа» нашри Ўшдаги болалар сил касаллигига қарши касалхонасида тендерлар бўйича текширув эълон қилинганини билдирган.

Касалхона ўтган йили декабрда жиҳозлар ва ишхонага керак идишларни сотиб олишга 152 минг 900 сомга тендер ўтказган. Унда ресторан воситалари, бир дона видоискатель, балдахин, ошхона жиҳозлари, диван, аэрохоккей учун стол, жун гилам ва бошқа буюмларни сотиб олишган.

Бундан ташқари, тозалик воситаларини сотиб олиш учун бир неча тендер ўтказилиб, бир миллион сомга яқин маблағ сарфлангани маълум бўлган.