Ўш: «Казак» лақабли Умар Маратов қайтадан зўрлашда гумонланиб қўлга олинди

117
Умар Маратов

Ўш шаҳрида 25 ёшли қизни зўрлашда гумондор сифатида «Казак» лақаби билан танилган жиноий гуруҳнинг аъзоси Умар Маратов (олдинги исми Эрнис Казаков) қўлга олинди. Бу ҳақда 7 июлда «Клооп»га Ўш вилоят ИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, мазкур факт милициянинг электрон журналига рўйхатга олиниб, ҳозирда тегишли тергов ҳаракатлари бормоқда. Унинг натижаси бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилди.

«Турмуш» нашри ўз манбаларига таяниб, воқеа 25 июнда Ўшдаги меҳмонхоналарнинг бирида бўлганини ёзди. УЖГнинг аъзоси дейилган Маратов икки тенгқури билан бирга бўлган.

Маратов 29 майда Ўшдаги тунги клубларнинг бирида қўлга олиниб, кейин бўшатилган. У 2022 йили Бишкек шаҳрининг 36 ёшли турғунининг Toyota Camry 70 русумидаги машинасини тортиб олишга гумонланган. Бу иш бўйича «Пул талаб қилиш» моддаси асосида иш қўзғалиб, текширув бошланган.

Шунингдек, уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоси ўтган йилнинг 7 декабрида Ўш шаҳрида «безорилик»да гумонланиб қўлга олиниб, сўнгра қўйиб юборилган. Унда икки киши «Казак» ва унинг шериклари Ўшдаги тунги клубларнинг бирида уларни пичоқ билан қўрқитиб, калтаклаб, қочиб кетишганини айтишган.

«Казак» лақабли Умар Маратов

ИИВнинг маълумотига кўра, Умар Маратов жиноий гуруҳнинг аъзоси. У 2019 йилнинг октябрида «вояга етмаган қизни зўрлашда» гумонланиб қўлга олиниб, 2020 йилнинг 26 майида шаҳар судининг қарори билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўша йили 8 январда «Казак»ни Ўш шаҳар судининг судьяси Айнура Сулайманова уй қамоғига чиқарган. Кўп ўтмай судлар кенгашининг комиссияси Сулаймановани ишдан четлатган. Таклифни собиқ президент Сооронбай Жээнбеков қўллаб, тегишли буйруққа имзо қўйган.

Ўшнинг криминал милицияси ходимлари судлар «Казак» каби уюшган жиноий гуруҳнинг аъзоларини «оғир жиноят қилишига қарамай озодликка чиқариб юборишидан» норози бўлишган.

Маратов уй қамоғида бўлганда ҳам Ўшнинг собиқ мэри Айтмамат Кадирбаевнинг укаси Улан Райимбековни калтаклашга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган. Кейинчалик Райимкулов аризасини қайтариб олгани маълум бўлган.

Милициянинг маълумотига кўра, Маратов бунгача ҳам бир неча марта ўғирлик ва талончилик бўйича судланган.

Шу йилнинг январь ойида Маратов «вояга етмаган қизни зўрлаш бўйича» қўзғалган жиноий иш бўйича оқлангани маълум бўлган.