Президент Садир Жапаров Абубакир Изибаев номидаги давлат циркини капитал таъмирдан ўтказишни топширди. Бу ҳақда 8 июлда давлат раҳбарининг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, Жапаров циркни кутилмаганда текширгани борди. У бинонинг ҳолати, ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди.
Давлат раҳбари ходимлар билан суҳбатлашиб, циркни реконструкциялаш лойиҳаси ишлаб чиқилганини таъкидлади. Унинг айтишича, яқинда керакли маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари бошланади.
Циркнинг директорлик хизмати бир ойдан бери бўш турибди — Фархад Бекманбетов ўтган ойда ўз истаги билан ишдан кетган. Маданият вазири Алтинбек Максутов раҳбарлик лавозимига танлов бораётганини билдирди.
Шу сабаб Жапаров ижодий жамоани аҳил бўлишга ва цирк санъатини ривожлантириш учун биргаликда интилишга ва йиғилган масалаларни ҳал қилишга ёрдам беришга чақирди.
Қирғиз циркидаги можаро
Шу йилнинг 10 апрелида давлат циркининг артисти Асланайим Аширова муассасадаги жониворлар қаровсиз қолганини айтган. У жониворлар «циркнинг ҳовлисида доим қаровсиз юриб, бу ердан ўтган ходимлар билан артистларга ҳужум қилиши мумкинлигини» билдирган.
Шунингдек, Аширова бунгача циркнинг директори муассасанинг ҳовлисида кўпкарига чиқадиган ўзига тегишли отларни боқтирганини билдирган. Мазкур маълумотни циркнинг собиқ бадиий раҳбари, гимнаст ва камончи Аида Акматова ҳам тасдиқлаган.
Циркнинг директори Фархад Бекманбетов муассасанинг жониворлари қаровсиз, оч қолмоқда деган маълумотни инкор қилган. У Ашировани «провокатор» деб атаган.
Кўп ўтмай циркдаги муҳокама фонида депутат Жанар Акаев Қирғизистондаги «ҳайвонот боғларини ёпишни ва жониворларни циркдаги ўйинларга иштирок этишини тақиқлашни» таклиф қилган. Аммо парламент унинг лойиҳасини «муҳим эмас» деган сабаб билан рад этган.
Кейинчалик циркнинг ҳолати бўйича, Бишкек шаҳар кенгашининг «Социал-Демократлар» партияси прокурор билан маданият вазирига билдирув юборган. Улар муассасани текширишни, циркка лавозимига мос раҳбар тайинлашни ва бу ерда ишлаганларга шароит яратиб беришни талаб қилишган.
Қирғиз цирки 1962 йили тузилса, унинг Бишкек шаҳридаги биноси 1976 йили фойдаланишга топширилган. Бу ерда 130га яқин одам ишлайди, уларнинг 40га яқини ижодкор инсонлар.