Туркияда қидирилаётган 20 ёшли қиз эсон-омон топилди

87

Туркияда қидирувда бўлган 20 ёшли қирғизистонлик Жазгул Шамуратова Туркия полицияси томонидан эсон-омон топилди. Бу ҳақда 5 июлда Туркиядаги элчихона маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Шамуратова Истанбулнинг Кадикўй туманида топилган. Тез орада яқинларига топширилади.

Қиз 22 июндан бери бедарак йўқолган. «МедиаХаб» нашрининг хабар беришича, онаси қизини катта шаҳарда пиёда қидириб юрган ва қиз сўнгги бор онаси билан бошқа ижтимоий тармоқ аккаунти орқали ёрдам сўраб боғланган.

Шамуратова ғойиб бўлган куни аввал Истанбулга учиб, кейин автобусда Болгарияга кетиши кераклиги айтилган.

Қирғизистоннинг Туркиядаги элчиси Руслан Казакбаев турк томонига тезкор ва самарали иш учун миннатдорчилик билдирди ҳамда икки давлат Ички ишлар вазирликлари ўртасида ўрнатилган яқин алоқалар муҳимлигини таъкидлади.

Аввалроқ Туркия Ички ишлар вазири Мехмет Акташ Қирғизистон фуқароларини қидириш билан боғлиқ ишлар шахсан назоратга олинганини маълум қилган.