Ҳуқуқ ҳимоячилари: Суд аёлни руҳий шифохонага ноқонуний ётқизган терговчини оқлади

125

«Справедливость» ташкилотининг ҳуқуқ ҳимоячилари суд 34 ёшли аёлни руҳий касалликлар шифохонасига ноқонуний ётқизганликда айбланган Жалолобод вилоятининг Майлуу-Суу шаҳар ИИБнинг терговчисини оқлаганини билдиришди.

Ташкилотининг маълумотига кўра, оқлаш ҳукмини 16 июнда Майлуу-Суу шаҳар суди чиқарган. Милиция ходими «Руҳий стационарга ноқонуний ётқизиш» ва «Ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича айбланган.

«Шаҳар суди икки модда бўйича ҳам оқлов ҳукмини чиқариб, қўйилган айблар бўйича жиноят аломатлари йўқлигини таъкидлади. Аёл терговчининг ноқонуний қарори сабаб, 26 кун руҳий касалхонада сақланишига қарамай, шундай бўлди», — деб билдирди «Справедливость» ташкилотининг адвокати Равшан Абдуллаев.

34 ёшли аёл 2023 йилнинг февралида Майлуу-Суу лампа заводининг янги йил арчасини ёқишга ҳаракат қилганда ушланган. Кейин у шаҳарнинг асосий арчасини ёққанини тан олган. У ҳуқуқ ҳимоячилари билан сўзлашганда тўрт боласини ёлғиз ўзи боқишини айтган.

«Унинг болалари ҳам [янги йилга] совға сўрашибди. Аёл пули йўқ бўлгани учун тўрттасига ҳам совға олиб беролмаган. Болаларига бу мусулмонларнинг байрами эмас, исломда шу куни совға берилмайди деган. Аччиқ устида шу ишни қилган экан», — деб билдиришган ҳуқуқ ҳимоячилари.

Аёл қамоққа Майлуу-Суу шаҳар ИИБ терговчисининг қарори билан прокурорнинг рухсатисиз киритилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари қонун бўйича бундай қарорни терговчи судьягина чиқара олади деб норози бўлишган.

Ташкилотдагилар психолого-психиатрия экспертиза ўтказиш учун одамни мажбуран ётқизиш ва руҳий стационарда бўлишни ўзи қамоқда сақлаш билан тенглигини таъкидлашган. Шунингдек, экспертиза аёлнинг ҳеч қандай руҳий касаллиги йўқлигини аниқлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари аёлни Майлуу-Суу шаҳар ИИБнинг катта терговчиси томонидан прокурорнинг визасисиз руҳий стационарга жойлаштирилишини қўпол қонунбузарлик эканини айтишган.

Юристлар Майлуу-Суу шаҳар судининг қарори бўйича аппеляция аризаси беришга тайёрланаётганини билдиришди.