Бишкекнинг Биринчи Май туман суди «Альфа Телеком» (MEGA) компаниясининг собиқ бош директори Азат Базаркуловни МХДҚнинг тергов қамоғига олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда суд матбуот хизмати хабар берди.
Суд қарорига кўра, Базаркулов 2023 йил 9 августгача қамоқда бўлади.
Турли йилларда «Альфа Телеком» раҳбари бўлиб ишлаган Базаркулов ҳибсга олинганини 27 июнда МХДҚ билдирган. Давлат қўмитаси Базаркулов компания томонидан ўтказилган тендерларни сохталаштириш ва давлатга миллионлаб зарар етказганликда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилган.
Тергов версиясига кўра, «Альфа Телеком» масъул шахслари хусусий компаниялар билан тил бириктириб, уларга устувор шартларни олдиндан тайёрлаб, тендерларда ғолиб чиқишга ёрдам беришган. МХДҚнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу тизим давлат бюджетига миллионлаб зарар етказган.
Базаркулов «Тижорат ёки бошқа ташкилотлар ходимларининг ваколатларини суиистеъмол қилиш» моддаси асосида ҳибсга олинган.