«Кабар» миллий ахборот агентлиги ғазна ҳисобидан 6,9 миллион сомга молиялаштирилади

126

Қирғизистон миллий «Кабар» ахборот агентлигига давлат бюджетидан 6,9 миллион сом ажратилади. Бу ҳақда 26 июнда парламентнинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда Молия вазирлиги миллий агентликни молиялаштириш учун ғазнадан маблағ ажратишга рухсат сўраган ва парламент вакилларига мурожаат қилган. Депутат Дастан Бекешев эса вазирлик таклифига қарши чиқди.

«Биз [давлат] оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш учун ҳар доим пул ажратамиз. “Пирамида”, “Бешинчи канал”га қанча бердик, ҳозир банкрот бўлишяпти. [...] Ўтган йили биз уларга 20 млн сом берганмиз. “Кабар” ҳам шундай бўлмасин, уни кам одам ўқийди», — деди халқ вакили.

«Кабар» ахборот агентлиги раҳбари Медербек Шерметалиев эса миллий агентликнинг техник жиҳозлари эскиргани, уни янгилаш учун маблағга муҳтожлигини билдирди.

Шунингдек, Маданият вазирлиги вакили жорий йилда «Пирамида» ва «Бешинчи канал» телеканалларига давлат бюджетидан маблағ ажратилмаганини таъкидлади.

Парламент вакиллари Молия вазирлигининг илтимосини қаноатлантирди.

Аввалроқ Маданият вазирлиги «Пирамида» ва «Бешинчи канал»ни тугатиш ишлари олиб борилаётганини хабар берган. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Бешинчи канал» ходимлари тўрт ойдан бери маош олмаётганидан шикоят қилиб, президентдан 60 дан ортиқ одамни ишсиз қолдирмасликни сўраб илтимос қилишган.

«Бешинчи канал» 2005 йилда эфирга узатила бошлаган. 2010 йилгача у хусусий бўлиб ишлаган. Апрель воқеаларидан кейин у миллийлаштирилган. Мустақил Қирғизистон тарихидаги биринчи бўлган «Пирамида» телеканали 1994 йилда ташкил этилган бўлиб, у ҳам ўша йили апрель воқеаларидан кейин миллийлаштирилган.