Қирғизистон Афғонистонга гуманитар ёрдам сифатида дори-дармон жўнатди

123

Қирғизистон Афғонистонга махсус борт билан дори-дармон турида гуманитар ёрдам юборди. Бу ҳақда 24 июнда миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билдирди.

Сурат: МХДҚ

Маълумотга кўра, ёрдамни етказиш буйруғи МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев томонидан берилди. Аммо ёрдам учун маблағ қаердан ажратилгани ва қанча сарфлангани аниқ айтилмади.

«Ўз навбатида афғон томон кўрсатган ёрдами ва қардошлик қўллов учун қирғиз халқига миннатдорчилик билдирди», —дейилади махсус хизматнинг маълумотида.

2021 йилнинг августида Афғон ҳукумати «Толибон*» ҳаракатининг қўлига ўтган. Ҳаракатнинг жангарилари Қобул шаҳрини босиб олиб, афғон президенти Ашраф Гани ўлкадан чиқиб кетган.

*«Толибон» — радикал ислом ҳаракати, у Қирғизистонда ва бир қанча давлатларда тақиқланган ва террористик деб топилган.

Ўша йили Қирғизистон «Толиблар» тайинланган ҳукумат билан учрашув ўтказган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлган. Хавфсизлик кенгашининг ўша вақтдаги раҳбар ўринбосари Таалатбек Масадиков толиблар тайинлаган Ташқи Ишлар вазирининг вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттаки билан учрашган.

Кейинчалик Масадиков Афғонистонга президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан боргани маълум бўлган. Қирғиз делегацияси Қобулга афғон халқи учун гуманитар ёрдам олиб боргани қўшимча қилинган.

Кўп ўтмай собиқ президент Роза Отунбаевани БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили ва Афғонистонга ёрдам кўрсатиш бўйича миссиясининг бошчиси бўлиб тайинланган.