«Иложи йўқ». Ўшда ўқитувчилар таъмирлаш ишларини ўзлари қилишганидан шикоят қилишмоқда

Таъмирлаш ишларини қилган ўқитувчилар. Сурат: Интернетдан олинди

Ўш шаҳридаги мактаб ўқитувчилари таъмирлаш ишларига жалб қилинишаётганидан норози бўлишмоқда. Ҳар йили мактабнинг таъмирлаш ишларига ўзлари пул йиғиб ёки ота-оналардан пул йиғган ўқитувчилар муаммо ҳақида «Клооп»га айтиб беришди. Таълим бошқармасидан эса буни тан олиб, аммо давлат уста ҳақида маблағ ажратмагани учун иложи йўқ дейишди.

Ўқитувчиларнинг айтишича, улар мактабни таъмирлаш учун ҳар йили маошидан камида 4 000 сомгача пул беришади. Давлат томонидан бериладиган бўёқлар ва воситалар уларнинг қўлларига кеч тегади. Дам олишга эртароқ чиқиш учун ўқитувчилар таъмирлаш ишларини ўзлари бажаришга мажбур бўлишади.

«Синфнинг ярмини ота-онаси таъмирлаш учун пул берса, ярми бермайди. Шунда ўқитувчилар ўзи пул беришга мажбур бўлади. Аслида биз ҳам мактаб таъмирига пул бермай, оиламизга сарфлагимиз келади. Аммо пул йиғишга мажбурмиз. Сабаби давлат томонидан берилувчи краска июнь ойининг ярмида ёки охирида берилади. У келгунча биз меҳнат таътилига чиқишимиз керак бўлиб, шошилинч хоналарни июннинг охирида [таъмирлаб] топширишга тўғри келади», — деди Ўшдаги мактабларнинг бирини ўқитувчиси.

Шунингдек, ўқитувчилар имкони бор ўқувчиларнинг ота-оналаридан ҳар йили 250 сомдан йиғишларини айтишди. Бу ота-оналар орасида норозиликка сабаб бўлади.

«2022 йили синфдаги 41 ўқувчининг бештасининг ота-онаси безак ишларига ва таъмирлашга ҳомий бўлиб, муаммони ҳал қилишди. Ҳозир ота-оналар “доим пул йиғасизлар” деб агрессияда. Мактаб бу пулни синфларни бўяшга сарфлайди. Ота-оналар пул бермаганда, иложи йўқ ўзимиз маошимиздан берамиз», — дейди бир ўқитувчи.

«Давлат берган буюмлар сифатсиз»

Ўқитувчилар давлат томонидан берилган бўёқларнинг сифати ҳам ночорлигини таъкидлашди. Уни ҳиди ўткир бўлиб, бошни оғритади. Бундай вақтда ўқитувчилар керакли воситаларни ўзлари олиб, уста ёллашга мажбур бўлишади. Сабаби барча ўқитувчиларнинг соғлиги синфни таъмирлаш ишларига ярамайди.

Ўш шаҳридаги №38 Барпи Аликулов номидаги мактабнинг ўқитувчиси Асилгул Наркулова 29 май куни синфни таъмирлаётган видеосини фейсбук саҳифасига жойлади.

Барпи Аликулов мактабининг таъмирлаш вақти. Сурат: Асилгул Наркулова

Наркулова бир синфнинг таъмирига ўзи краска сотиб олганини ва таъмирлаш ишларини ўзи бажараётганини тасдиқлади. Билим бериш бошқармасидан берилувчи бўёқлар мактабнинг коридори учун фойдаланилишини билдирди.

Наркулова ёзган маълумотга ўқитувчилар томонидан бир неча норози фикрлар ёзилиб, ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди.

Наркулова ёзган постига келган изоҳлардан скриншот
Наркулова ёзган постига келган изоҳлардан скриншот

«Ўзлари пул қўшади деган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди»

Бироқ Наркулова ишлаган мактабнинг директори Гулмира Эсенгелдиева ўқитувчилар мактаб таъмири учун ўзлари пул қўшади, деган маълумотни инкор қилмоқда.

«Мактаб ўқитувчилари таъмирлаш учун краскаларни ўзлари сотиб олишмайди. Ўш шаҳар билим бериш бошқармаси мактабнинг таъмирлаш ишларига бўёқларни ва керакли воситаларни июнь ойининг биринчи ҳафтасида мактабларга тарқатади. Сифати ўртача», — дейди у.

Шунингдек, Эсенгелдиева ўқитувчилар меҳнат шартномаси бўйича мактабни таъмирлашга мажбур эмас деб қўшимча қилди.

Билим бериш бошқармаси қандай фикрда?

Ўш шаҳар билим бериш бошқармасининг ҳисобчиси Темирбек Турдиев «мактаб таъмири учун бўёқлар ва керакли воситалар кечиктириб берилади» деган маълумотни инкор қилди.

«Бизда ҳеч қандай кечиктириш бўлмайди. Биз шартнома туздик, тендер ўтказиб қўйдик. Агар кимдир кеч берилди деса бизга мурожаат қилсин. Бизда ҳужжатлар бор. Ҳаммаси ўз вақтида олган. Июннинг 15гача берамиз. Бу ерда мактабнинг директори билан хўжалик ишларига масъул мутахассис кеч бериши мумкин. Айрим синфларда имтихонлар бўлади. Шунда кечикиши мумкин», — дейди у.

Шунингдек, Турдиев бўёқларнинг сифатини ўқитувчилар ўзлари назоратга олишларини, агар ночор бўлса, билим бериш бошқармасига мурожаат қилишлари мумкинлигини билдирди.

«Красканинг сифатини ўқитувчилар ўзлари назорат қилишади. Агар сифати ночор бўлса, улар билим бериш бошқармасига маълум қилиши шарт. Агар ҳақиқатдан ҳам красканинг сифати ночор бўлса, қайтадан буюртма беришга ҳаққимиз бор», — деди мутахассис.

Турдиев ўқитувчиларни таъмирлаш ишларини бажаришга — уста ҳақига — давлат пул бермаслигини тан олди.

«Бундай кўриниш азалдан бор. Давлатнинг имкониятига яраша. Ўқитувчилар таъмирлаш ишларини қилганига давлатдан пул ажратилмайди. Бунга ҳам пул бериладиган бўлса, пул кўп кетади. Бунга давлатнинг қурби етмайди. Мактаб ўқитувчиси ўзининг синфини бўяб қўйса, бу ёмон эмас. Вақти келса шунда пул берармиз. Аммо ҳозир бунга имконият йўқ», — дейди Турдиев.

Мактабнинг таъмирлаш ишларига қанча пул ажратилади?

Ўш шаҳар билим бериш бошқармасининг маълумотига кўра, шаҳардаги 53 мактабнинг таъмири учун ҳар йили республика бюджетидан маблағ ажратилади. Масалан, 2023 йилга 4 млн 800 минг сом берилган. Бу пулни бўлганда бир ўқувчига 62 сомдан тўғри келади.

Тендер эълон қилинганда бажариладиган ишлар жуда хом

Билим бериш бўйича эксперт Тинчтикбек Бекташтегин республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан таъмирлаш ишларига етарли маблағ ажратилишини айтмоқда. У муаммога қуйидаги сабабларни айтди.

«Биринчидан тендер эълон қилинганда бажариладиган ишлар жуда хом кўринади. Таъмирлаш ишлари ҳар йили бўлгани учун тендер эрта эълон қилиниши керак. Ўқитувчилар эрта краскаларни олиб, таъмирни эрта бошлаб, дам олишга чиқиши керак. Буларнинг ҳаммаси [муаммо] бўёқлар кеч келганига боғлиқ. Кейин тендерда ютган компания сифатсиз краскаларни олиб келгани учун ўқитувчилар ўзи пул қўшиб ёки мактаб фондига ота-оналар қўшган пулдан таъмирлаш ишларига бўладиган воситаларни олишга мажбур бўлиши мумкин», — дейди у.

Бекташтегин ўқитувчилар қўшимча куч ишлатишларини ҳам танқид қилди.

У ўқитувчиларга меҳнат шартномасида йўқ бошқа турли ишлар юкланаётганини айтиб берди.

«Масалан, сайлов вақтида ташвиқот ишларига аралашгани, шанбалик ишларини ўзлари қилишганига гувоҳ бўламиз. Ўқитувчи бу ишлар унинг мажбуриятига кирмаслигини билади, аммо ишидан айрилиб қолмаслиги учун айтилган ишларни қилишга мажбур бўлади» — деб тушунтирди у.

Шунингдек, Бекташтегин ўқитувчи мактаб директори билан меҳнат шартномаси асосида ишлаши кераклигини, унинг асосий вазифаси — ўқувчиларга сифатли билим бериш эканини қўшимча қилди.